Бош Қомусимиз халқимизнинг миллий ўзига хослиги, урф-одат ва анъаналари, ўзбек давлатчилиги ривожидаги тарихий тажрибаларимиз, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари, ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганлиги билан ажралиб туради.
Халқимиз Конституциямизнинг қабул қилиниши орқали дунё ҳамжамиятига ўзининг умуминсоний қадриятларга содиқ эканлигини намоён қилди. Ушбу умуминсоний қадриятларнинг диққат марказида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини таъминлаш давлатимиз олдидаги олий масъулият эканлиги Конституциямизнинг асосий ғояси сифатида танлаб олинди. Бош Қомусимизнинг барча тамойиллари, аввало, инсон ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, давлатнинг мажбурияти ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашда акс этади.
Конституция ўзида давлатнинг умумий қиёфаси, бутун салоҳиятини ифода этади, шунинг учун ҳам у давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитади, унда халқнинг иродаси, руҳияти, ижтимоий онги ва маданияти акс этади. Ўзбекистон Конституцияси – миллий давлатчилик ваколатларини белгиловчи Бош қомус, инсон ва фуқаролар ҳуқуқларининг демократик манбаси, инсонпарвар, ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг стратегик дастури. У улкан сиёсий, юридик ва халқаро аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан йўллаган табригида, ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради, деган фикрга алоҳида эътибор қаратдилар.
Ҳар бир халқнинг тақдирида муҳрланиб қоладиган тарихий ҳужжатлар миллат равнақи, давлатчилик пойдеворининг мустаҳкам бўлиши учун хизмат қилганлиги билан аҳамиятлидир. Ўзбек халқи тарихида ҳам кескин бурилиш ясаган, истиқлол учун курашлар самараси бўлган, аҳамияти жиҳатидан асрларга татигулик ҳуқуқий ҳужжат бу асосий қонунимиз – Конституцияни алоҳида эҳтиром билан тилга оламиз. Мустақил давлатчиликнинг белгиси ҳисобланмиш Конституция, аввало, миллатнинг юзи, халқнинг эрки ифодаси, жамият тараққиётининг асосидир. Том маънода янги демократик тузумни барпо этиш мақсадида қабул қилинган Конституциямизнинг ғояси, асосий принцип ва қоидалари умумэътироф этилган халқаро талаблар билан бирга халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланиб келган қадриятларини ҳам ўзида мужассам этган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг кўп асрлик бой миллий давлатчилик тарихий-ҳуқуқий ва маънавий меросига асосланган. Ўзбекистон ҳудудида давлатчилик ва ҳуқуқ тарихи ўзининг чуқур илдизларига эга бўлиб, қадим-қадим даврларга бориб тақалади.
Бугунги кунда мустақил Ўзбекистон ўз тараққиётининг бутун асоси бўлмиш миллий давлатчилиги, ҳуқуқий тизимни қайтадан яратмоқда. Халқимизнинг маънавияти камол топмоқда.
Ўзбек халқи асрлар мобайнида сақланиб, сайқал топиб келган ўз миллий урф-одатлари, удум ва анъаналари, ғурури, ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзи, ҳуқуқий онги, эътиқоди, бир сўз билан айтганда, маданий-маънавий дунёси билан ажралиб туради. Буюк аждодларимиз умумбашарият маърифатпарварлигини яратишда бевосита иштирок этган, улар жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган. Уларнинг бой маданий-ҳуқуқий меросидан Асосий Қомусимизни яратишда кенг фойдаланилди.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.
Мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси янги жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади. Энг муҳими, Асосий Қонунимиз ҳар томонлама ва чуқур ўйланган умумхалқ муҳокамасидан кейин демократик йўл билан қабул қилинди.
Ўзбекистон Конституцияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик Кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотлар, АҚШ, Буюк Британия, Франция сингари ривожланган демократик давлатлар мутахассисларининг синчков назаридан ўтган ва жаҳондаги энг демократик конституцияларидан бири сифатида эътироф этилган.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямиз Ўзбекистон тарихида, узоқ, давомли мақсад ва вазифаларимизни аниқ белгилаб беришда ўзининг пухта ўйланган тамойил ва қоидалари билан ишончли ва ҳал қилувчи омил бўлди, дейишга барча асосларимиз бор.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўн тўрт марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар, авволо, Конституциянинг ҳаётийлигини таъминлаб берди. Шунингдек, халқ ҳокимиятчилиги ва ҳокимиятлар бўлиниши принципи ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириб, амалий ҳаётга жорий этилишини таъминлади. Натижада давлат ҳокимияти ва бошқаруви янада демократлашиб, фуқаролар томонидан сиёсий ҳуқуқларини амалга оширилиш механизмининг самарадорлиги оширилди, фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, сиёсий онги ва маданияти мустаҳкамланди. Ҳар бир ўзгартириш ва қўшимча ўзига хос бўлиб, амалга оширилган ислоҳотлар даври билан боғлиқ ҳисобланади.
Шундай қилиб, юқоридаги фикр-мулоҳазалар асосида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
Биринчидан, Конституциямиз Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида жаҳонга танитган тарихий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат бўлди. Ушбу ҳужжатни тайёрлаш, муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёнлари тўлалигича демократик асосларда кечди.
Иккинчидан, Конституциямиз ҳақиқатан ҳам демократик Конституциядир. У – тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни, халқаро андозаларни ўзида мужассам этган ҳужжат.
Учинчидан, Конституциямиз жаҳон конституциявий харитасида ўз ўрнини топди ва унда жаҳон конституциявий тажрибаси, ютуқлари ўз аксини топди. Яъни, Асосий Қонунимиз ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилди.
Тўртинчидан, Конституциямизнинг ғоя ва нормалари ўзбек халқининг теран тарихий илдизларига асосланган бўлиб, у кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятларни, улуғ аждодларимизнинг ҳуқуқий меросини ўз ичига олган.
Бешинчидан, ўзимизга хос ва мос тараққиётимиз, ривожланишнинг янги босқичи ҳуқуқий асоси бўлди.
Бизнинг олдимизда турган энг долзарб вазифалардан бири бу албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини барча фуқароларимиз, ёшидан қатъи назар ўрганишлари лозим. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Бош қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга татбиқ этиш ва унга сўзсиз амал қилиш- барчамизнинг шарафли бурчимиздир.”
Дарҳақиқат, кўп нарса мамлакатда Конституцияни оммавий равишда ўрганиш ҳамда уни ҳаётга татбиқ этишга боғлиқ. Мана шу мақсадда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Конституциясини болалар боғчасидан бошлаб ўргатиш, мактабларда дарслик тариқасида ўқитиш ҳамда олий ўқув юртларида эса махсус дарс сифатида ўрганишни вазифа қилиб қўйди. Чунки ҳар бир шахс кундалик ҳаётида Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита мурожаат қилади ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ш.Зулфиқоров, У.Искандаров,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги
университети профессор ўқитувчилари