Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида “Ўзбекипаксаноат” ва "Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмалари ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати билан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Конституция — давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган муҳим сиёсий ҳужжат ҳисобланади. Бошқача айтганда, жамият таянчи ва юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий кафолати, давлатимиз мустақиллигининг ёрқин рамзи, кўп миллатли халқимиз хоҳиш-иродасининг қонуний ифодасидир.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган конституциявий нормаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш барча соҳаларда “инсон қадри”нинг том маънода юксалишига, давлат ва жамият ҳаётини “инсон – жамият – давлат” деган тизимга асосланган янги ва замонавий тарзда бошқариш имконини беради.

Шу боисдан, янги таҳрирдаги Конституция ижросини тўлиқ таъминлаш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифасидир. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда, энг аввало, “инсон қадри”нинг юксалишига урғу берилган.
Давра суҳбатида Бош қомус мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган маърузалар тингланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА