English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция – атроф-муҳит муҳофазаси ва миллатлараро тотувлик кафолати
13:54 / 2025-12-07

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамкорлигида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Яшил келажак – барча миллатларнинг умумий мақсади!” шиори остида тадбир ташкил этилди.

Дастлаб Миллатлараро муносабатлар қўмитаси мажмуасида қўмита ва Ўзбекистон Экологик партияси ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди. 

Маросимда партия Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев сўнгги йилларда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, умуммиллий бирлашувни кучайтириш, шунингдек хориждаги ватандошлар билан алоқаларни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритди. Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сўнгги йиғилишида Миллатлараро муносабатлар қўмитаси раиси Қ. Сариевнинг мамлакатимизда умуммиллий тотувликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти, унда илгари сурилган масалаларга эътибор қаратилди. Бугунги мураккаб глобал жараёнлар, геосиёсий беқарорлик ва турли зиддиятлар фонида Янги Ўзбекистоннинг тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатлик йўлидан дадил одимлаётгани халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилаётгани қайд этилди. 

Миллий маданий марказлар павильонида турли миллат ва элатларнинг маданияти, тили, урф-одати ва қадриятларини намойиш этувчи кўргазма иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. “Бир дарахт – бир дўстлик, бир нафас – умумий ҳаёт!” шиори остида ўтказилган рамзий дарахт экиш акцияси тадбирнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди.

[gallery-26617]

Тадбирнинг асосий қисми “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: 33 йил – янги босқичда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кафолатлари” мавзусида ўтказилган давра суҳбати билан давом этди. Унда Миллатлараро муносабатлар қўмитаси, Экологик партия Марказий Кенгаши, дўстлик жамиятлари, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Давра суҳбати давомида “Конституция – миллатлараро тотувлик ва жамият барқарор тараққиётининг ҳуқуқий кафолати”, “Конституцияда экологик ҳуқуқ ва мажбуриятлар: соғлом атроф-муҳит ва экологик хавфсизликнинг конституцион кафолатлари” мавзуларида маърузалар тингланди. Мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Якунда миллий маданий марказларнинг ҳаваскор жамоалари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар иштирокчилар эътиборига намойиш этилди.

Тадбир Конституцияда мустаҳкамланган инсон қадри, миллатлараро тотувлик ва экологик барқарорлик ғояларини янада оммалаштиришга, шунингдек жамиятимизда “Яшил келажак” тушунчасини умумий мақсад сифатида мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Камола Юсупова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА