Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституция — адолатли давлат, мустақил суд ва рақамли тараққиёт пойдевори
11:36 / 2025-12-04

Дунёдаги илк конституциялардан бири ҳисобланган АҚШ Конституцияси 1787 йилда қабул қилинган бўлиб, унга шу кунга қадар 27 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Бу жараён ҳар қандай миллий конституция — жонли механизм эканини, жамият тараққиёти билан бирга янгиланиб боришини кўрсатади.

Шу маънода, Ўзбекистон ҳам мустақилликка эришганидан кейин ўзининг Асосий қонунини шакллантирди ва бугунги кунга қадар унга 14 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритди. Бу янгиланишлар давлат бошқарувини демократлаштириш, инсон ҳуқуқларини кучайтириш, давлат органлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш ва маҳаллий бошқарув тизимини ислоҳ қилишга хизмат қилди.

1992 йил 8 декабрь — Ўзбекистон тарихидаги энг улуғ саналардан бири. Ушбу кунда Олий Кенгашнинг XI сессиясида мамлакатимиз мустақил тараққиётининг ҳуқуқий асоси — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

Конституция халқимиз қадриятлари, демократик тамойиллар ва илғор халқаро тажрибалар уйғунлиги асосида яратилган. Асосий қонунимиз мамлакатни суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат сифатида белгилаб берди. Унда “Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи” деган асосий тамойил ўз ифодасини топди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш Конституциянинг бош мезони ҳисобланади. Шахсий дахлсизлик, адолатли суд ҳимояси, шафқатсиз муносабатдан ҳимоя, эркин ҳаракатланиш, қонун олдида тенглик каби ҳуқуқлар унда қатъий мустаҳкамланган.

2023 йил 30 апрелдаги умумхалқ референдуми миллий Конституциямиз тарихида тамоман янги саҳифа очди. Конституция моддалари 128 тадан 155 тага, ҳуқуқий нормалар 275 тадан 434 тага оширилди. Яъни Конституция 65 фоизга янгиланди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда мамлакат тарихида илк бор Ўзбекистон “ижтимоий давлат” сифатида эътироф этилди. Бу эса аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, кам таъминланган қатламларни қўллаб-қувватлаш, инсон меҳнати ва шаънига ҳурмат, муносиб турмуш кафолатлари каби тамойилларни давлат мажбурияти даражасига олиб чиқди.

Инсон ҳуқуқлари борасида 40 тадан ортиқ янги кафолат киритилиб, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, адвокат ёрдами, адолатли судлов ҳуқуқлари кучайтирилди. Ёшлар, болалар, қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш бўйича аввал мавжуд бўлмаган махсус нормалар киритилди.

Конституциянинг ҳаётда амал қилишини таъминловчи асосий институт — суд ҳокимиятидир. Шу боис, кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш соҳада янги босқични бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилаш тўғрисида”ги фармон суд тизими ривожида кескин бурилиш бўлди. Фармонга мувофиқ, ариза беришдан олдин AI якуний қарорнинг тахминий модели ва харажатларни ҳисоблайди, мурожаатлар тўлиқ электрон тарзда қабул қилинади, тарафлар масофадан туриб иштирок этади, суд ҳужжатлари онлайн тақдим этилади, баённомалар реал вақтда автоматик шакллантирилади, суд қарорларини тайёрлашда сунъий интеллект ёрдам беради.

2025 йилда пойтахтда иқтисодий, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича илк бор “Рақамли суд” заллари ишга туширилиб, 2026–2027 йилларда мамлакат бўйлаб жорий этилиши белгиланган. Бу тизим фуқаролар учун ҳам, судлар учун ҳам тезкор, осон, шаффоф ва адолатли муҳит яратади.

Суд ҳокимиятининг холис ва мустақил бўлиши — Конституцияда белгиланган адолатли давлатнинг асосий кафолатидир. Шу боис давлат раҳбарининг суд соҳасидаги яна бир муҳим ҳужжати - “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, судьялар корпусини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик қадам сифатида қабул қилинди.

Фармон судьяларни танлаш ва тайинлаш жараёнларини шаффофлаштириш, уларнинг институционал мустақиллигини таъминлаш, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролар ишончига сазовор суд тизими барпо этиш каби мақсадларни ўз ичига олади. Бу — Конституцияда белгиланган “суд мустақиллиги” принципини амалда тўлиқ таъминлашга қаратилган қудратли механизмдир.

Бугунги Ўзбекистонда Конституция бир ҳуқуқий ҳужжат эмас — у халқпарвар сиёсат, инсон қадри, адолат ва барқарор тараққиётнинг асосий дастурига айланган. Суд тизимида кечаётган ўзгаришлар, сунъий интеллект асосидаги “Рақамли суд”, судьялар мустақиллигини мустаҳкамловчи фармонлар — барчаси Конституциямиз белгилаб берган йўлнинг мантиқий давомидир.

Конституциядаги ҳар бир норма, ҳар бир ҳуқуқ ва ҳар бир принципнинг ҳақиқий ҳаётга татбиқ этилиши — юртимизда қонун устуворлиги ва адолатли жамиятни таъминлаш учун хизмат қилади. Зеро, Конституция — халқимиз иродаси, давлатимиз қурилиши ва келажагимиз пойдеворидир.

Камал Тарихов,  

Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси

ЎзА