Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида «Ўзбекипаксаноат» ва «Яйлов хўжалигини ривожлантириш» уюшмалари ходимлари иштирокида «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституцион қонун лойиҳасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Йиғилишда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шаҳноза Жолдасова уюшма ходимларига қомусимиздаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди.
Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан асосий 4 та йўналишда 50 га яқин берган таклифлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, ҳаёт турмушининг яхшиланиши, мамлакат иқтисодиёти ва ташқи сиёсатининг янги устувор йўналишларини белгилашга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан тузилган Конституциявий комиссияга ўтган бир ой давомида келиб тушган 60 мингдан ортиқ таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси тайёрланиб, бугунги кунда умумхалқ муҳокамасига чиқарилганлиги йиғилиш иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Конституциявий қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда.
Уларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра, «инсон-жамият-давлат», «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган тамойилларни Конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилгани тушунтирилди.
Ўз навбатида уюшма ходимлари Конституциядаги мазкур ўзгаришлар ўзларининг ҳаётларида чуқур маъно касб этишини англаган ҳолда ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдириб ўтди.
Гулноза Бобоева, ЎзА