Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Консигнация – халқаро савдода товарларни белгиланган мамлакат омборига етказиб бериш усули
13:14 / 2025-08-31

Бугунги кунда халқаро савдода бизнес юритишнинг бир нечта усуллари ишлаб чиқилган. Улар орасида воситачилар ёрдамида амалга ошириладиган савдо операциялари сезиларли ўрин эгаллайди. Барча воситачилик операцияларини таҳлил қилишга тўхталмасдан, консигнация принциплари асосида ишлайдиган воситачилик компаниялари хизматларидан фойдаланишнинг ортиб бораётган ролини таъкидлаш лозим.

Консигнация халқаро савдода – бу товарларни белгиланган мамлакат омборига етказиб бериш усули бўлиб, шартнома асосида ушбу товарларнинг ҳақи фақат охирги фойдаланувчидан пул тўланганидан кейингина амалга оширилади. Чет давлатга товар етказиб берилганда, шартнома муддати одатда аниқ белгилаб қўйилади. Консигнациянинг икки тури мавжуд:

Тўлиқ консигнация – бунда хорижий шерик шартнома муддатида товарларнинг барчасини сотиш мажбуриятини олади, агар бир қисми сотилмай қолса, у ҳолда ушбу товарни ўзи сотиб олади ва хоҳлаганича тасарруф қилади.

Қисман қайтариладиган консигнация – сотилмай қолган товарнинг маълум қисми экспортчига қайтарилиши мумкинлигини назарда тутади. Албатта, экспортчи товарнинг қайтарилишидан манфаатдор эмас ва импортчи бундай қилмаслиги учун ҳаракат қилади.

Консигнация экспортчига товар захираларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни камайтириш имконини беради, бу эса маҳаллий бозорда рақобатбардош нархларни сақлаб туришга ёрдам беради. Бироқ, товарларни омборга жўнатиш сотиш имкониятларини ошириши мумкин бўлса-да, баъзан экспортерлар бевосита савдоларга умид қилиб, бундан фойдаланишни назардан қочиради.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, консигнация – бу алоҳида бизнес модели ҳисобланади. Консигнациянинг ўзига хос жиҳати – савдо битимини молиялаштиришни таъминлашдир. Консигнацияли олди-сотди – бу савдо молиялаштиришнинг энг қадимги, асосий ва энг кўп тарқалган уч усулидан бири бўлиб, очиқ ҳисоблар ва нақд аванс билан бир қаторда туради. Очиқ ҳисоб-китоб бўйича битимлардан фарқли ўлароқ (улар импортчилар учун қулай, чунки товар экспортчи томонидан жўнатилгандан кейингина тўланади) ва олдиндан тўловдан (бу сотувчилар учун қулай, чунки улар товар партияси жўнатилишидан олдин, баъзан эса ҳали ишлаб чиқарилмасдан туриб тўлиқ тўловни оладилар) консигнация – импортчилар учун энг фойдали молиялаштириш усули ҳисобланади. Экспортчилар учун эса айрим ҳолларда консигнация – тўғридан-тўғри етказиб бериш мумкин бўлмаган ёпиқ бозорларга киришнинг ягона йўлидир.

Консигнация усулидан фойдаланишнинг моҳияти шундаки, импортчи экспортчидан товарларга буюртма беради. Томонлар товар нархини келишиб оладилар, аммо тўлов экспортчига импортчи товарни олиб, уни ўз мижозларига қайта сотгандан кейингина амалга оширилади. Шу тариқа, импортчи битимни молиялаштириш учун ҳеч қачон ўз маблағларини сарфлашга мажбур бўлмайди.

Консигнация (лотинча “consignation” – ёзма исбот, ҳужжат) омбори ҳақидаги шартнома замонавий фуқаролик муомаласида янги шартнома тури ҳисобланади. Бир қатор хорижий мамлакатларнинг қонунчилигида ушбу шартнома алоҳида тартибга солинмаган. Бироқ ушбу мамлакатлар қонунчилигидан фарқли ўлароқ, Озарбайжон Республикасининг Фуқаролик кодексида консигнация омбори ҳақидаги шартноманинг ҳуқуқий тартибга солинишига алоҳида параграф бағишланган.

Хорижий иқтисодий айланмада, айниқса халқаро савдо (тижорат) муносабатлари соҳасида консигнация омбори ҳақидаги шартнома кенг қўлланилади. Турли давлатлар субъектлари ўртасида тузиладиган ушбу шартнома халқаро савдо (тижорат) амалиётида халқаро консигнация шартномаси номи билан танилган. Халқаро консигнация шартномаси ишлаб чиқарувчиларга ўз товарларини хорижий бозорларда сотиш имконини беради. Бироқ товарларни хорижий бозорларда сотиш кўп ҳолларда савдо воситачилари ва тижорат вакилларининг ёрдамисиз мумкин бўлмайди. Чунки савдо воситачилари ва тижорат вакиллари ҳам халқаро савдо шартларини, ҳам ички бозор хусусиятларини етарли даражада яхши биладилар. Уларни жалб қилиш орқали ишлаб чиқарувчилар ўз тадбиркорлик (тижорат) таваккалчилигини камайтиради, шунингдек, бошқа мамлакатларда янги бозорларга кириш билан боғлиқ харажатларни минимал даражага туширади.

Халқаро савдо (тижорат) амалиётида консигнация шартномасидан кенг фойдаланиш унинг юзасидан айрим ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишига олиб келди. Сўз Халқаро савдо палатасининг икки ҳужжати ҳақида кетмоқда:

1) “бир турдаги тижорат агентлиги шартномаси тўғрисидаги ҳужжат”;

2) “тижорат агентлиги шартномаларини тузишга оид қўлланма”.

Ушбу ҳужжатларда халқаро консигнация шартномасига тавсиф берилади, унинг ўзига хос белгилари кўрсатилади. Бироқ бу ҳужжатлар мажбурий ҳуқуқий кучга эга эмас. Яъни, улар тавсиявий хусусиятга эга ҳужжатлардир.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилиги консигнация омбори ҳақидаги шартномага легал таъриф бермайди. Шунинг учун унга илмий (доктринал) таъриф бериш зарур. Таъриф беришдан аввал консигнация омбори ҳақидаги шартноманинг характерли белгилари аниқланиши лозим.

Ҳуқуқий адабиётларда “консигнация шартномаси” атамаси ишлатилар эди, у воситачилик шартномасининг тури ҳисобланган. Яъни, бу шартнома бўйича бир тараф (консигнатор) маълум муддат мобайнида иккинчи тараф (консигнант) берган товарларни ҳақ эвазига ўз номидан, бироқ консигнант ҳисобидан сотиш мажбуриятини ўз зиммасига олар эди. Бундай тушунча ҳозирги замон ҳуқуқ адабиётида ҳам келтирилган.

Айрим адабиётларда ҳам консигнация шартномаси комиссия шартномасининг тури сифатида қаралади ва бу шартномага кўра комитент (ишлаб чиқарувчи) воситачи – консигнатор (комиссионер) омборига товар етказиб бериши ҳамда кейинчалик унинг ушбу товарни ўз номидан сотиши назарда тутилиши таъриф қилинади. 

Консигнация шартномаси, комиссия шартномасининг бир тури сифатида, халқаро савдода анча кенг тарқалган. Консигнация шартномаси шартларини батафсил ҳуқуқий тартибга солишнинг мақсадга мувофиқлиги шу билан изоҳланадики, Россия ҳуқуқида ҳам, кўплаб давлатлар ҳуқуқида ҳам ушбу шартнома тури махсус тартибга солинмаган. Шу сабабли, томонлар ўзаро муносабатларининг ўзига хос хусусиятларини шартномада етарлича аниқ ва батафсил ифода этишга интиладилар.

Консигнация шартномасининг энг умумий таърифи қуйидагича ифодаланади: бир тараф (консигнатор) белгиланган ҳақ эвазига шартномада белгиланган муддат давомида (консигнация муддати) ўз номидан, аммо иккинчи тараф (консигнант) ҳисобидан, унга ушбу мақсадда топширилган товарларни тасарруфига (консигнацияга) қабул қилган ҳолда сотиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Шу тариқа, консигнация шартномаси муносабатларининг асосий фарқли жиҳати шундаки, савдо агенти (консигнатор) ўз ихтиёрида сотувчи (консигнант) томонидан унга топширилган ва унинг ҳисобидан сотилиши шарт бўлган товарларга эга бўлади.

Консигнаторнинг товарларни сотиш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олиши кўп ҳолларда ундан нафақат товарларни сотишни, балки харидорларга зарур эҳтиёт қисмларини етказиб бериш ва техник хизмат кўрсатишни ҳам талаб қилади. Консигнантнинг тижорат агенти сифатида, консигнатор шартнома асосида одатда реклама кампаниясини ҳам амалга ошириш мажбуриятини олади. Бундай реклама кампанияси, қоида тариқасида, товарлар омборга келтирилишидан анча олдин ўтказилади. Олдиндан амалга оширилган реклама кампанияси товарларнинг сотилишига қадар сақланиш муддатини қисқартиришга ёрдам беради.

Товарларнинг бевосита импортчиси сифатида консигнатор ўз фаолияти юритадиган мамлакатга консигнация товарларини олиб кириш учун зарур бўлган барча расмий жараёнларни амалга ошириш мажбуриятини олади. Бу жараёнга божхона расмийлаштируви, тегишли рухсатномаларни олиш, жумладан импорт, санитария, ветеринария ва бошқа рухсатномалар киради. Айрим ҳолларда, агар қонунчилик рухсат берса, келтирилган товарлар махсус божхона омборларига (бонди, эркин омборларга) жойлаштирилади, бу эса улар сақланиш даврида консигнаторни божхона тўловларини тўлашдан озод қилади.

Консигнантнинг асосий мажбурияти эса келишилган товарларни белгиланган муддатда консигнаторга етказиб беришдан иборат.

Одатда консигнация шартномаларида консигнантнинг ушбу мажбуриятини бажариш билан боғлиқ қоидалар олди-сотди шартномаларидаги каби батафсил баён қилинади.

Консигнация шартномаси, қоида тариқасида, етарлича узоқ муддатга тузилади, чунки консигнаторнинг шартномани бажаришни ташкил этишга йўналтирган капитал харажатлари дарҳол қопланмаслиги мумкин. Консигнация шартномаларининг муддатлари одатда 2 йилдан 5 йилгача давом этади.

Консигнация шартномаси иштирокчилари ўртасидаги муносабатларда муҳим жиҳат – бу консигнация муддатини келишиб олишдир. Яъни, товар консигнатор омборида учинчи шахсларга сотилгунга қадар қанча муддат туриши мумкинлиги белгилаб қўйилади. Бу муддат, аввало, товарнинг хусусияти, мавжуд савдо амалиёти билан боғлиқ бўлиб, бозор шароити ҳам унга таъсир кўрсатиши мумкин. Бошқача айтганда, консигнация муддати бир неча ойдан бир неча йилгача бўлиши мумкин. Шартномада консигнатор маълум вақт оралиғида консигнантга омбордаги товарлар ҳолати ҳақида маълумот тақдим этиши шарт қилиб қўйилиши мумкин. Шунингдек, шартномага омбордаги товар захирасини тўлдириш тартиби ҳам киритилиши одатий ҳол ҳисобланади.

Қоида тариқасида, консигнант ўз ташаббуси билан консигнатор омборида товарларнинг мавжудлигини текшириш ҳуқуқига эга бўлиши шартномада қайд этилади. Консигнаторга ундаги товарлар бўйича консигнантнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш чораларини кўриш мажбурияти юкланиши мумкин. Омборда белгиланган муддат сақланган товарлар муддат тугагач, консигнантга қайтарилиши шарт.

Сотиб олинаётган товарларга мулк ҳуқуқининг қайси пайтда ўтиши шартномада белгилаб қўйилиши мумкин. Масалан, консигнаторга учинчи шахслар билан тузиладиган шартномаларда махсус шарт қўшиш мажбурияти юкланиши мумкин: яъни, мулк ҳуқуқи харидорга фақат у ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаргандан сўнг, хусусан, товар учун тўлиқ ҳақ тўланганидан кейингина ўтади.

Консигнация шартларини белгилашда томонлар, қоида тариқасида, сотилмаган товарни консигнатор қайтариши шартми ёки белгиланган муддат тугагач, консигнантнинг ўзи бутунлай ёки қисман қайтариб олишга мажбурми, деган масалани аниқлаб оладилар.

Консигнатор омборида сақланаётган товарлар консигнант мулки сифатида қолаверади. Бироқ, ҳар икки томон манфаатида бу товарлар суғурта қилиниши мақсадга мувофиқ. Суғуртанинг ҳажми, шартлари ва тури шартномада белгиланади, шунингдек, суғурта тўловини қайси тараф амалга ошириши аниқланади.

Консигнатор консигнант томонидан берилган топшириқни –унга топширилган товарларни энг қулай шартларда сотишни бажариши шарт. Бу, энг аввало, товарларнинг қайси нархларда сотилишига тааллуқлидир. Агар томонлар шартномада товарлар учун минимал нарх даражасини белгилаган бўлсалар, бозор конъюнктурасидаги ўзгаришлар оқибатлари ҳам кўрсатилиши мақсадга мувофиқ.

Шартномага, шунингдек, консигнаторнинг учинчи шахслар билан шартнома тузишда риоя қилиши лозим бўлган айрим қоидалар ҳам киритилиши мумкин. Масалан, ҳисоб-китоб тартиби, айрим ҳолларда товарларни қарзга бериш мумкинлиги каби шартлар. Консигнатор ушбу кўрсатмаларга қатъий риоя қилиши лозим.

Томонлар, шунингдек, ўзаро ҳисоб-китоб тартибини белгилашлари керак. Яъни, консигнаторнинг ҳақ олиш ҳуқуқи қайси шартларда вужудга келиши ва бу ҳуқуқ қандай амалга оширилиши аниқ қилиб кўрсатилиши шарт: ёки консигнантга пул ўтказиш жараёнида маълум суммадан ушлаб қолиш орқали, ёхуд бошқа усул билан.

Бахромжон Топилдиев,

Тошкент давлат юридик университети,

 “Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси профессори, 

юридик фанлар доктори,

ЎзА