Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Консерватория талабаларининг мусиқий дастури Европада намойиш этилди
10:01 / 2025-07-04

Кейинги йилларда миллий санъатимиз ривожи йўлидаги эътибор бу борада халқаро ҳамкорликнинг тобора кенгайишига имкон яратмоқда.

Ўзбекистон давлат консерваторияси жаҳоннинг кўплаб давлатлари билан ижодий мулоқот ўрнатгани биргаликдаги фестиваллар, танловлар, мусиқий лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш имконини яратмоқда.  

Мазкур олий ўқув юртининг талаба ва битирувчиларидан иборат Ўзбекистон давлат симфоник оркестри Чехия Республикасининг Прага шаҳрида жойлашган машҳур “Smetana Hall” концерт залида мусиқий дастур билан иштирок этди.

Концертда Ўзбекистон халқ артисти, Консерватория ректори Камолиддин Ўринбоев бошчилигидаги симфоник оркестр ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Махсус фортепиано кафедраси мудири Мадина Файзиева иштирок этди.

Тингловчиларга Антонин Дворжак, Сергей Рахманинов, Пётр  Чайковский каби жаҳон композиторларининг машҳур асарлари тақдим этилди.  

1 минг 200 нафардан ортиқ томошабинни қамраб олган “Smetana Hall” концерт залидаги ушбу мусиқий дастур европалик томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон давлат симфоник оркестрининг таркибини асосан Консерваториянинг иқтидорли талабалари ва битирувчилари ташкил этади.

Уларнинг катта саҳнадаги бундай иштироклари, санъатимизни муносиб тарзда тақдим этишлари ёш ижрочилар салоҳиятини намоён этиш, профессионал тажриба орттириш ҳамда халқаро майдонда ўзбек мусиқасини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Н.Усмонова,  

ЎзА