Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида ташкил этилган анжуманда ўтган йил давомида юртимизда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида олиб борилган ишлар таҳлил қилинди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мутасаддилари таъкидлаганидек, юртимизда юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазият барқарорлигини таъминлаш, касалликларнинг четдан кириб келишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Профилактик ва оммавий эмлаш тадбирлари натижасида аҳоли ўртасида бошқарилувчи юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик барқарорлик таъминланиб, қўлга киритилган элиминация сертификатлари сақлаб қолинди.
2025 йилда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши эмлаш қамрови республика бўйича 95 фоизни ташкил этди. Жами 5,6 миллион бола 13 турдаги вакцина билан эмланди. Эмлаш тадбирлари миллий эмлаш календари асосида ташкил этилди.
Бугунги кунда вирусли гепатитлар, хусусан, гепатитнинг B ва C турлари жаҳон миқёсида аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид солувчи касалликлардан бири ҳисобланади. 2025 йилда вирусли гепатит B ва C турларига скрининг текширувлари учун қўшимча 510 мингта экспресс-тест ажратилиб, ҳудудларга етказилди. Натижада скрининг учун тақдим этилган тестлар умумий сони 2 миллион 434 минг 900 тани ташкил қилди.
[gallery-27840]
2022-2025 йиллар давомида давлат бюджети маблағлари ҳамда Миср Араб Республикаси томонидан тақдим этилган дори воситалари ҳисобидан сурункали вирусли гепатит C билан касалланган 47 минг 732 нафар бемор тўлиқ даволанди. Бу мазкур дастурнинг юқори клиник ва ижтимоий аҳамиятга эга эканини тасдиқлайди.
Қўмита раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков 2025 йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги йўналишида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.
Маълум қилинишича, ҳамкор ташкилотлар билан ўтказилган ўрганишлар давомида сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган, яроқлилик муддати ўтган, органолептик кўрсаткичлари меъёр талабларига жавоб бермайдиган 33 минг 230 тонна озиқ-овқат маҳсулоти белгиланган тартибда бракераж қилинди. Жумладан, 259 тонна шакар ва қандолат маҳсулотлари, 251 тонна спиртли ва салқин ичимликлар, 220 тонна мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари, 106 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари йўқ қилинди.
2025 йилда республика бўйича 44 та ҳолатда овқатдан заҳарланиш қайд этилди. Уларнинг 6 таси мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари орасида кузатилган. 29 та ҳолатда уй шароитида тайёрланган сабзавотли консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида 63 нафар фуқаро (шундан 17 нафари бола) жабрланган.
Аҳоли ўртасида юқумли ошқозон-ичак касалликлари ва овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қатор давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан фуқаролардан уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотлари ҳамда сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик сўралди.
2025 йил давомида қўмитага жисмоний ва юридик шахслардан 3 минг 877 та мурожаат келиб тушган. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 82 фоизи ижобий ҳал этилган ёки ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали қаноатлантирилган.
Қўмита фаолиятида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Унда хавф даражаси юқори бўлган 7 та соҳа аниқланиб, назорат ва профилактик чораларни кучайтириш белгиланди. Шунингдек, хавф даражаси ўрта деб баҳоланган 17 та йўналиш бўйича тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Қўмита ташқи ҳамкорлик доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, АҚШ касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, KOICA, БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Codex Alimentarius фонди, Mercy Corps, Роспотребнадзор, Халқаро миграция ташкилоти ҳамда Robert Koch институти билан ҳамкорликда жами 18 та истиқболли лойиҳани амалга оширмоқда.
Шунингдек, қўмитанинг 12 нафар мутахассиси 3 ойлик амалий эпидемиология дастури (FETP) Frontline курсларида таҳсил олди. CDCнинг 2 йиллик магистратура йўналиши бўйича 3 нафар мутахассис С.Асфендиярав номидаги миллий тиббиёт университетига ўқишга юборилди.
Қайд этилганидек, қўмита зиммасига юклатилган вазифалар 2026 йилда ҳам изчил давом эттирилади.
Анжуман якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Моҳигул Қосимова, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА