Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конимехда суд орқали бир кунда 15 кишининг иш стажи тикланди
08:32 / 2021-08-12

Конимех туманида сайёр тартибда ўтказилган суд мажлисида туман адлия бўлими томонидан киритилган 15 нафар фуқаронинг иш стажини тиклаш масаласи билан боғлиқ даъво аризаси кўриб чиқилди.

– Конимех туманининг “Зафаробод” маҳалласида яшайман, – дейди Замира Джураева. – Пенсияга чиққунимга қадар турли ташкилотларда ишладим. Лекин пенсия ёшига етганимда пулим мен тенги ишлаганлардан анча кам чиқди. Адлия томонидан ўтказилган сайёр қабулда шу масалада мурожаат қилгандим. Ишим ортиқча оворагарчиликларсиз, осонгина ҳал бўлди. Судда ишлаган даврларим учун иш стажим тиклаб берилди.

– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 81-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 44-сонли қарорининг 23-банди, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун 42-моддаси ва “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 80-бандига биноан меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланиши кўрсатилган, – дейди Конимех тумани адлия бўлими бошлиғи Нурали Исроилов. – Архивга иш ҳақи тўғрисида маълумотномалар тақдим этилмаган ҳолатда юқоридаги қонун ҳужжатларига асосан, меҳнат дафтарчаси орқали иш стажини тиклаш имконияти мавжуд.

Туманлараро маъмурий судига киритилган даъво аризалари қаноатлантирилиб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Конимех туман бўлимига фуқароларнинг иш стажларини инобатга олиш бўйича қарор қабул қилинди.

 

Абдували Бўриев, ЎзА