Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конимех туманида субсидия асосида 15 та қудуқ бурғиланди
20:22 / 2021-04-05

Қадимдан ота-боболаримиз ердан унумли фойдаланиш эл дастурхонининг файзли, баракали бўлиши билан бирга бозорларимиз тўкинлигини таъминлаган ҳолда даромаднинг ҳам ошиши эканлигини яхши билишган.

Наврўз маҳалласи Конимех тумани марказида жойлашган. Халқ тили билан айтганда “маданий” ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда 670 та хонадонда 2760 нафар аҳоли истиқомат қилади.

– Маҳалламиз аҳолиси ҳовлиларда истиқомат қилади, – дейди ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича раис ўринбосари Айна Карсибекова. – Ҳар бир хонадонда томорқа ер мавжуд. Томорқанинг умумий ҳажми қарийб ўттиз гектарни ташкил этади. Албатта заминимиз серҳосил. Тупроқ-иқлим шароити тўрт фаслда ҳам сабзавот экинлари етиштириш учун ғоят қулай. Хонадон эгалари турли сабзавотлар, экиб имкон қадар деҳқончилик қилинади. Аммо ёз ойи ўрталарига келиб сув тақчиллиги сезилади. Бу эса экинларни суғоришда бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради.

Дарвоқе, туман ҳудуди “маданий” ва “чўл” ҳудудларига бўлинади. Чўл ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланса, “маданий” ҳудудда яшовчи аҳолининг томорқаси борлиги боис деҳқончилик ҳам уларнинг асосий юмушларидан бири.

[gallery-1907]

– Мен мазкур маҳалланинг “Ёшлик” кўчасида истиқомат қиламан, – дейди Қўзимурод Рўзимуродов. – Қарийб 3 сотих атрофида томорқам бор. Ҳар йили кузда ва баҳор бошланиши билан турли сабзавот экинлари экаман. Асосан, картошка, пиёз, саримсоқпиёз, помидор етиштираман. Рўзғорга етади. Йилда икки марта ҳосил олишга ҳаракат қиламан.

Албатта, туманда оқар сув тақчиллиги муаммоси мавжуд. Шунинг учун ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида вилоят фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида аҳоли томорқаларини суғориш учун ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ишлари олиб борилмоқда. Яқинда ушбу маҳаллада ҳам ана шундай қудуқ қазилиб, сув чиқарилди.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда мавжуд ер майдонлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Мустафо Қувондиқов. – Айниқса, томорқа ерларидан унумли фойдаланиш мақсадида камда 30 та аҳоли томорқасини суғориш учун субсидия ажратиш орқали қудуқлар қазишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бугунги кунда сув муаммоси мавжуд бўлган Конимех туманида ана шундай 15 та қудуқ қазилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада 450 нафар хонадон томорқасини суғориш имконияти яратилди. Бунга қарийб бир миллиард сўм маблағ сарфланди. Бундай қудуқлар вилоятнинг Хатирчи, Қизилтепа, Навбаҳор ва Нурота туманларида ҳам қазилмоқда.

Юртимизда ердан унумли фойдаланишга қаратилган эътибор йилдан йилга ортиб бормоқда. Шунга қарамай, томорқасидан самарали фойдаланмай, уни қаровсиз ташлаб қўйганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Томорқа тайёр даромад манбаи. Фақатгина ундан унумли фойдаланиш керак холос. Томорқадан самарали ва унумли фойдаланиб, йил давомида бир неча маротаба ҳосил олиш имкони мавжуд. Шундай экан, ҳар бир томорқа эгаси мавжуд экин майдонидан унумли фойдаланса, фойдадан холи бўлмайди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (фото), ЎзА