English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конимехдан дунё бозорига
13:13 / 2020-07-26

Кундалик истеъмол қилинадиган ош тузи Қизилқум бағридан ҳам олинаётгани барчага маълум.


Кундалик истеъмол қилинадиган ош тузи Қизилқум бағридан ҳам олинаётгани барчага маълум. Лекин, бу табиий кристалнинг сифати жаҳон андозаларига ҳам жавоб бермоқда. Шу боисдан, дунё бозорида Навоий вилояти Конимех туманида қайта ишланаётган туз маҳсулотларига талаб тобора ортиб бормоқда.

Тумандаги “Shojon tuz group” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Қарийб 1 миллион АҚШ доллари қийматидаги хорижий инвестиция жалб қилиш орқали ташкил этилган заводда туманнинг Саржал, Териқудуқ, Янгиқазған, Яққудуқ овуллари ҳамда Учқудуқ туманидаги туз конларидан келтирадиган хом ашё қайта ишланади. Хитой ҳамда Германия технологияси асосида жиҳозланган ишлаб чиқариш тармоғида 78 нафар маҳаллий аҳоли ишлайди. Энг муҳими ойлик маошлар ҳам жойида – 3,5 - 4 миллион сўм атрофида.

– Туманнинг Зафаробод шаҳарчасида яшайман, – дейди Камола Рўзиева. – Анча вақтдан бери ишсиз юрганим сабабли туман 4-сектор раҳбарига иш сўраб мурожаат қилган эдим. Туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг амалий кўмаги билан шу заводга ишга жойлашдим. Бу ерда биз ишчиларга барча шароитлар яратилган. Ҳамма жой тоза-озода. Завод саҳро ўртасида жойлашган бўлса ҳам, ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Шу ерда ишлаб, оилам даромадига ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.

Бугунги пандемия даврида тадбиркорлар учун яратилган солиқ имтиёзлари ва банк кредитлари бўйича енгилликлар корхона фаолиятини янада ривожлантиришга муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда бу ерда 1 сменада 20 тонна туз қайта ишланиб, қадоқланмоқда.

photo_2020-07-26_13-30-18 (2).jpg

– Корхонамизда 4 турдаги туз маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, – дейди тадбиркор Фарҳод Сирожев. – Ҳозирда, Венгрия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларига экспортни амалга ошираяпмиз. Маҳсулот сифати юқорилиги боис, жаҳон бозорида талаб тобора ортиб бормоқда. Жумладан, қўшни Афғонистондан билдирилган талабни инобатга олиб, ҳозирда ўзаро экспорт шартномаларини имзолаш бўйича амалий ишларни олиб бораяпмиз. Эндиликда яратилган имтиёзлардан самарали фойдаланиб, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, хусусан, бир сменада 40 тонна тузни қайта ишлаш ва қадоқлаш, пировардида яна 30 та янги иш ўрни яратиш, Европа ва Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун сифатли маҳсулот етказиб беришни режалаштирмоқдамиз.

Корхонада тайёрланаётган суюқ туз Ўзбекистондаги дастлабки лойиҳа ҳисобланади. Сабаби ушбу маҳсулот енгил саноат хусусан, мато ва ип-калавани бўяшда муҳим саналиб, бугунги кунга қадар асосан хориждан импорт қилинган. Эндиликда мамлакатимизда юқори талабга эга бу маҳсулот шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда.

photo_2020-07-26_13-30-18.jpg

photo_2020-07-26_13-30-19.jpg