Конимех туманида яна бир йирик лойиҳа ишга туширилди
Тумандаги лалмикор дашт майдонлари қора мол ва қўй парваришида қўл келади.
Конимех тумани чорвачилик тармоғи ривожланган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Тумандаги лалмикор дашт майдонлари қора мол ва қўй парваришида қўл келади.
Шу сабаб чўл ҳудудларида майда шохли моллар парвариши билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари сони йил сайин ортиб бормоқда. Маҳаллий тадбиркор Ботир Қўчқорбеков кўп йиллардан буён ҳудудда бўрдоқичилик комплекси барпо этишни мақсад қилиб келаётган эди. Мамлакатимизда соҳага бўлган эътибор Ботир Қўчқорбековнинг ҳам орзулари рўёбига қанот бағишлади.
“Саржал” овул фуқаролар йиғинида туман ҳокимлиги томонидан ажратилган 13 минг 500 гектар майдонда тадбиркор бир миллиард сўм ўз маблағи, яна бир миллиард сўм имтиёзли банк кредити йўналтирган ҳолда, майда шоҳли моллар парваришига мўлжалланган бўрдоқичилик комплекси ташкил этди.
Ҳозирда мазкур овулда кам таъминланган, “темир дафтар” рўйхатида турувчи беш нафар оиланинг икки нафардан фарзандларини жалб этиб, ўнта янги иш ўрни яратди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 200 бош майда шохли мол боқиш имконияти яратилган. Лойиҳанинг самараси ўлароқ, нафақат вилоят, балки мамлакат ички бозорини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти янада кенгаяди.
Республика пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шариповнинг “Саржал” овул фуқаролар йиғинида бўлиб, ушбу бўрдоқичилик комплекси фаолияти билан яқиндан танишишди. Чорвадорлар билан кечган учрашувда Баҳром Шарипов яқин истиқболда ҳудудда чорвачилик кластери ташкил этилиши, бунинг учун эса белгиланган тартибда яйлов майдони ажратилишини маълум қилди. Бу ҳақда Конимех тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда лойиҳа ташаббускори тармоқни янада кенгайтириш мақсадида, худди шу манзилда эко туризмни ташкил этиш таклифини билдирди. Ушбу янги лойиҳанинг ишга тушиши билан 150 бош туя, 150 бош от боқиш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, туя сути билан даволашга мўлжалланган мўъжазгина замонавий дам олиш маскани барпо этилиши ҳам кўзда тутилган. Конимех тумани ҳокимлиги мажлислар залида Республика пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шаропов иштирокида бўлиб ўтган анжуманда соҳа истиқболи ва тараққиёти билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.