Синьхуа агентлигининг мамлакат ҳукумати хабарларига таяниб маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг тўққиз нафари вулқон лавалари уларнинг уйига етиб келганда ёниб кетган, яна беш киши тутун ёки ис газидан заҳарланиб вафот этган.
Душанба куни Гома шаҳрига ҳукумат делегацияси етиб келган. Улар вазиятга баҳо бериб, инсонпарварлик ёрдамини бериш масаласини ўрганишади.
Бундан аввалроқ Гома шаҳри епископи Эли Клод Мбамба Мусанго РИА Новостига вулқон отилиши оқибатида 100 дан зиёд киши ҳалок бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, ўзи хизмат қилаётган ибодатхоналарнинг бири қаттиқ ёнғин туфайли вайронага айланган.
Ўтган шанба куни мамлакатнинг Шимолий Киву вилоятидаги Гома шаҳри яқинида Нирагонго вулқони уйғонгани ҳақида хабар тарқатилган эди.
Франс - Пресс агентлигининг маълум қилишича, Гома шаҳри вулқон ўчоғидан 20 километр узоқда жойлашган.
Хабарда таъкидланишича, шанба куни Гома шаҳрини тахминан 5 минг киши тарк этган. Вулқон уйғонган туманда ўндан ортиқ ер қимирлашлар содир бўлган.
Нирагонго вулқони сўнгги марта 2002 йил январда отилган эди. Ўшанда маҳаллий ОАВ тарқатган маълумотларга кўра, 250 киши ҳалок бўлган, 120 минг киши бош-панасиз қолганди.