Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўнгилни ҳаволантириш – саодатдир
10:01 / 2025-10-28

-

Кўпдан кўп тафсилотларни кўриб-кузатиб, анча йиллардан бери битта хулосага келганман: мен туғилиб ўсган Деновда инсон учун қусур ҳисобланган ҳамма нарсани қилишингиз, ғоздай бўлиб юришингиз мумкин, аммо адолатсизликни, умуминсоний қадриятлар улгуси ўлароқ  қарор топган ижтимоий мезонларни оёқости қилсангиз, боболар таъбири билан айтганда “оқ”ни “қора” ё “қора”ни “оқ” десангиз ва фаолиятингизни шу асосга қурсангиз, деновликлар ҳаргиз кечирмайдилар  ва бу ғирромлигингиз учун қочгани жой тополмай қоласиз. Тўғри, бугун замон офат – найранглари ранг-баранг бўлиб кетган, баъзан санаб саноғига етмайсиз. Аммо бу иллатлардан халос бўлишнинг йўллари табаррук манбаларда, шарқона ахлоқ китобларида бир-бир санаб ўтилган ва улардан омон қолиш йўллари ҳам баён қилинган. Буюк бобокалонимиз, муҳаддислар устози Имом Бухорий ҳазратларининг “Саҳиҳ ул Бухорий” ҳадисларида бу нарсалар теран баён этилганига кўпам эътибор беравермаймиз. Мазҳабимиз асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратларини олайлик. Одамларнинг кўнглини олишга ошиқ, меҳмон учун эшиклари доим очиқ эди. Қозилик ваколати берилганда улуғ олим бундай олий мақомдан қандай “қочганини”, оқибатда қандай жазоланганликлари ҳақида китобларда кўп ва хўп ёзилган. Хўш, нега Абу Ҳанифа қозиликдан ўзини олиб қочди? 

Сабаби, оддий – елкада бундай катта масъулият юкини кўтаришнинг ўзи бўладими, кимгадир озор бериб қўйса нима бўлади?.. Бу табиийки, буюк ибрат эди. Абу Ҳанифа ҳазратлари бугуннинг ибораси билан айтганда Олий Суд Раислиги вазифасини қабул қилишдан воз кечган эдилар. Ул зот эл-юртга хизмат қилиш машаққати, нафс ғолиб келган ҳоллар жавоби оғир бўлмоғини теран ҳис қилган эдилар. Ҳалол, таъмасиз яшашни истаган эдилар. 

Ҳа, таъмасиз қилинган хизмат одамнинг кўксини тоғдай кўтаради деган ҳикматни китобларда ўқиганмиз. Агар инсоннинг ғурури баланд бўлса, билингки, унинг кўнгил, қалб оламига ҳеч ким дахл қилолмас. Деновлик Юнус Ўроқовнинг ҳаёт йўли бунга далилдир. 

Бугун баъзилар билиб-билмай тиббиётдаги камчиликлар ҳақида кўп ёзишади. Аммо, Денов тиббиёт тизимида олиб борилаётган самарали ишларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Бу ишларнинг бошида турган инсоннинг номини кўпчилик билмайди. Билиши шарт ҳам эмасдир. Чунки у ўз вазифасини бажараяпти, холос. У шу ишларни қилиши керак. Тасаввур қилинг: 3,5 минг нафарга яқин киши ишлайдиган ташкилотда муҳит ҳавас қилса арзигулик – аҳиллик, кўтарингки кайфият, фидокорликни кўрасиз. Беморларга кўмак бериш билан бирга донорлик қилиб, қон бериб келаётган инсонни ким дейиш мумкин?.. Бош табиб – шифокор мураккаб ҳолда ётган беморларига қон беришдек хайрли ишга ўзи бош бўлади – қон беради, аммо овоза қилмайди. Баъзи ишбилармонлар бор, кўчага бир туп кўчат экса - бўлди, телевизор экранини ҳеч кимга бермайди. Юнус Ўроқов тумандаги катта тизимида шунча ишлар қилса-ю, ҳеч нарса қилмагандай миқ этмай юрса...         

Мен юқорида буюк бобокалонларимиз ҳаёт йўлини бежизга эсламадим... Ҳалол яшаш, ҳалолликни улуғлаб келаётган инсонларга керак бўлса, таъзим қилиш керак. Токи, фарзандлаимиз бу фазилатларни қалбларига сингдириб олсин.       

ХХ асрнинг етмишинчи йилларидан бир ривоят қилиб берайин: туман оғаси шаҳар савдо ташкилотининг раҳбарини ҳузурига чақириб фалон бичимдаги, фалон  тусли икки жуфт костюм топинг, деб амр қилибти. Бир ҳафта ўн-кунда буюртма ҳозир бўлавермагач, зудлик билан ҳалиги раҳбарни чақириб: “Нега йўқ бўлиб кетдингиз?”депти. “Э, фалончи ака одамларимиз Душанбега ҳам бориб келди, сиз айтган костюм ҳеч жойда йўқ” деса, салтанат соҳиби “Ленинградда ҳам йўқ, эканми!”деган экан. Бугун шундай одамлар орамизда йўқ деб ўйлайсизми?..        

Кўп йиллардан бери радио эшитиш одатим бор. Ишхонамда радио бор. Отажон Худойшукуров айтган “Хоразм сегоҳи”, “Катта суворалар”ни тинлаш учун хамма ишларимни йиғиштириб қўяман. Дилнура Қодиржонованинг авжларидан ҳайратланаман. Бугун бу икки беназир санаъкор орамизда йўқ. Мен айтаман: энди бу авжларга ҳеч кимнинг қўли етмасва керак. Дилнура мумтоз қўшиқлар ижросини шу даражада баландга  кўтариб қўйдики, қўяверасиз... Ана шу қабринг нурга тўлгур Отажон Худойшукуровнинг, Дилнура Қодиржоноваларнинг овозлари, улардаги авж нуқталар кўнгилни тоғдай кўтаради! “Кўтаради” деган ибора жуда ғариб, бундай қўшиқларни эшитган одам ҳаволанади, ана шу ибора тўғри! Кўнгилни ҳаволантириш эса – саодатдир. Мен ҳар сафар “Лисон-ут тайр”нинг охирига борганда шундай кайфиятга тушиб қоламан. Вужудимга аллақандай  куч қуйилиб кела бошлайди. Кўнгилнинг ҳаволанишида эса гап кўп: қўлтиғингиздан гўёки қанот ўсиб чиқади, одим отганингизда оёғингиз ердан узилади, осмон-фалакларга учгингиз келаверади. Қайсидир йили Зайниддин Зидан етакчилигида фаранг футболчилари жаҳон чемпиони бўлишди: халқ бундан ҳаволаниб кетди  ва мамлакат бўйича меҳнат унумдорлиги йигирма фоизга ўсди! Ахир, Фаробий ҳазратлари “Наврўзи олам” билан кун сайин юрт фироғида тонглари сарғайиб бораётган тутқунларни даволаганлиги бизга манбалардан маълум-ку!     

Мен айтаман: ҳалол яшаш, эл-юртга бир фарзанд ўлароқ хизмат қилмоқ бурч, маромига етказиб ижро этилган мумтоз ашула аслида қалбни ларзага солгувчи зикрдир! Шунинг учун унга дахл қилиш – бузиб айтиш, ижро этиш халқнинг юрагига буров солиш билан баробардир.

Яхши сўз, яхши гап, борингки, неки  некбинлик, яхшилик бор – эгаси халқ.

Бугун башарият кўз кўриб, қулоқ эшитмаган юксалишлар қуршовида. Бу, зинҳор, энди ҳаммаси ўз-ўзидан яхши бўлиб кетади, дегани эмас.  Аксинча, бундай ижобий ўзгаришларни ҳазм қилолмайдиган, тизим фаолиятига турли йўллар билан раҳна солишга уринишлар бўлиши шубҳасиз. Биз истаймизми – йўқми  бу кўҳна олам шундай яралган. Она юртимиз ўз-ўзидан бир кунда бундай обод бўлиб қолмаган. Бугунги фаровонлик ортида қанчадан-қанча меҳнатлар, заҳматлар ётибди. Одамлар ишончини қозониб, уларнинг қора қозони қайнаб туришини таъминлашнинг ўзи улкан бахт эди. Ҳозир ҳам қийинчилик дамларини ёдга олсам, баданим сесканиб кетади. Боиси, кўпчиликнинг кейинги тақдири қандай кечар экан, деган ўй билан яшаганман. Мана, бугун кўксимиз тоғдек бўлиб, минг бора шукр, деймиз.

Халқ давлатимиз раҳбари атрофида жипслашди, қўлни-қўлга бериб, Янги Ўзбекистонни қурмоққа бел боғлади. Мен Ватаним учун нима қилишим керак, деган ўй бугун ҳар бир юртдошимизнинг қалбида борлиги кишини қувонтиради. Йўлга чиққан карвонимиз билан жаҳонга бўй кўрсатдик. Айтиш мумкин-ки, бу мустақиллигимизни ғоятда қадрлашга ҳамда шу эл учун бор ғайрат – шижоат билан меҳнат қилишга чорлайди. Энг олий неъмат ҳам шу эмасми?!

                                                                                     Тоштемир Турдиев,

       Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 

       Денов туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари.

ЎзА