Давлат хизматлари агентлиги дастлаб аҳолига 16 турдаги хизматларни кўрсатган бўлса, бу хизматлар бугунга келиб 160 тага етди. Табиийки, бундай жараёнларда аҳолини хабардор қилиш муҳим. Бу борада Наманган вилоятидаги кўнгилли ёшлар Давлат хизматлари маркази ходимларига яқиндан кўмакдош бўлмоқда.
Давлат хизматлари ҳамда Ёшлар ишлари агентликларининг вилоят бошқармалари ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида ҳам аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва марказда кўрсатилаётган хизматлар ҳақида аҳолини хабардор қилиш мақсадида кўнгилли ёшларни жалб этиш назарда тутилган.
Бунда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” бўйича хизматдан фойдаланиш учун келган фуқароларни ёш волонтёрлар кутиб олади ва хизмат кўрсатувчи ходимга йўналтиради. Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази ходими дастлаб, кўнгилли ёшларни аҳолига кўрсатилаётган хизматлар билан яқиндан таништирди.

Марказда мустақил равишда давлат хизматларидан фойдаланишнинг турли имкониятлари тўғрисида ташриф буюрувчилар хабардорлигини ошириш, хизмат олиш учун келган ногиронлиги бор фуқароларга кўмаклашиш ёш волонтёрларнинг асосий юмушларидан биридир.
Шунингдек, ёшлар ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун ажратилган жойдан фуқароларни эмин-эркин фойдаланишларига ёрдам беради. Ушбу ташаббусдан кўзланган асосий мақсад, фуқаролар хизматларни тез ва сифатли олиши, ортиқча навбат ҳосил бўлмаслигига эришишдир.
Давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматлар ҳақида аҳоли хабардорлигини оширишда ёш кўнгиллилар билан биргаликда иш олиб бориш яхши натижа беради. Марказдан олисда жойлашган ҳудудларга бориб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан масофадан туриб қандай фойдаланишни ўргатишда ҳам ёшларнинг ўрни ва иштироки муҳим. Икки томонлама имзоланган меморандумда ҳам айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА