Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўнгилларга кўчган табаррук айём
16:46 / 2022-03-15

Ҳали қиш келмасидан, кеч кузакданоқ баҳорни соғина бошладим. Тушунтириш анча мушкул бўлган бу ҳолат мана икки йилдирки такрорланмоқда.

Истайдими, йўқми, барибир одамзот борлиқнинг, ён-атрофимизда кечаётган воқеликларнинг бир бўлаги деб ҳис этаркан ўзини. Ҳаво мўътадилроқ бўлгани сабаблими, ҳали баҳор келмасиданоқ уйимиз остонасида бинафша очилди... 

Тўғриси, икки йилдирки, инсоният пандемия балоси, яна қанча тала-тўплар сабабли тинчлик, хотиржамлик, осойишталик, рўшнолик, осуда ҳаёт, тани-сиҳатликнинг қадрига илгаригидан кўра тобора кўпроқ ета бошлади.  Гарчи ўн кундан ортиқроқ вақт ёмғир эринмай ёғаётган бўлса-да, мафтункор баҳорнинг келгани қалбларимизга недир илиқ туйғуларни олиб кирди.  

Қиш-қировли кунларнинг ортда қолганига, омонликка шукроналик дилларда устувор. Бу йилги баҳор айёми ҳар қачонгидан ҳам соғинчлироқ, таъбир жоиз бўлса, ҳар қачонгидан ҳам арзандароқ бўлди. Шунданми, қиш якунига етиши билан барча ҳамюртларимиз бир-бирларини баҳор, яшариш, янгиланиш айёми билан қутладилар. Келгуси баҳорларга эсон-омонликда етиб олишдек эзгу тилакларни билдирдилар. 

Давлатимиз раҳбарининг “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори жорий йилнинг 17 февралида қабул қилинган бўлса-да, миллионлаб қалбларга баҳорий кайфиятни, кўклам нафасини, қайдир маънода баҳорий соғинчни, энтикишни олиб келгани тайин. Аслида халқимизда баҳор фасли тинчлик, янгиланиш, яшариш каби тушунчалар билан ҳамоҳанг саналади.  

Бугун мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини ҳам баҳорнинг шиддатли ўзгаришларига ҳар қанча қиёсласак арзийди. Ўзгармаган, янгиланмаган жабҳанинг ўзи қолмади. Мамлакатимизга хориждан келаётган меҳмонлар бу эзгу ислоҳотлардан, янгиланиш сари қадам қўйган Ўзбекистонимиздан ҳайратланмоқда. Тошкентнинг ўзида яшаб ҳам бу ердаги шиддатли ўзгаришларни кузатиш, идрок этиш тасаввурга малол келмоқда. Бу каби ўзгаришлар жараёни эса эндиликда жонажон Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудлари, энг олис жойларида ҳам рўй бермоқда. 

Наврўз азалдан халқимизда, умуман, Шарқ халқларида меҳр-оқибат, мурувват, хайр-саховат, эзгулик, одамийлик, яхшиликка хайрихоҳлик, ҳамжиҳатлик айёми саналган. Яшариш ва янгиланиш айёмига хос бўлган тинчликни ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, Ўзбекистонни ўз она диёри деб билгувчи барча ҳамюртларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатликни, тотувликни, дўстона муҳитни сақлаш, уни олий қадрият сифатида эъзозлашга катта эътибор қаратилмоқда. 

Айни пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида оддий одамларга енгиллик яратиш, уларни ўйлантираётган муаммоларга тезкор ечим топиш, айниқса аҳолининг қийналган, эҳтиёжманд қатламларини қийнаётган муаммоларни ҳал этиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.  

Бугун иш кабинетида ўтирган мутасаддини топишнинг ўзи мушкул. Уларнинг фаолияти оддий одамлар орасига, мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, олис ва чекка, қадам етмаган масканларга кўчди, десак муболаға эмас. Барча муаммолар хонадонма-хонадон, маҳаллама-маҳалла юриб, оддий одамлар, кўпни кўрган нуронийлар билан бамаслаҳат бартараф этилмоқда. Ҳаётда қоқилган, боши қийинчиликдан чиқмаган, мураккаб вазиятга тушиб қолган ҳамюртларимизни ўйлантираётган масалалар ўз вақтида ечим топаётир. Неча йилги оғриқли муаммолар ҳал бўлмоқда.  

Ҳаётга, меҳнатга, ўз-ўзимизга муносабатимиз тубдан ўзгарди. “Бизга бўлаверади”, қабилидаги ёндашувдан мутлақо воз кечдик. Иқтисодиёт, саноатнинг барча жабҳалари жадал ривожлантирилмоқда. Ҳаётимизга илғор инновацион технологиялар шиддат билан жорий этилмоқда. Шаҳару қишлоқларнинг қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб, янгиланиб, ёшариб бораётир. 

Орзиқиб кутганимиз – бу йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ва юқори савияда нишонланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олис қишлоқларда, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида нишонланаётган ушбу айём давомида кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг тарзда, таъсирчан усулларда ифода этишга катта аҳамият қаратилади. 

Президентимизнинг юқорида номи келтирилган қарорига асосан, Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастурлар асосида халқ сайилларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини эъзозлаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари янада кенг қулоч ёзади.  

Янгиланиш айёми тадбирлари арафасида маҳаллаларимиз, қишлоқларимиз ҳудудлари янада обод, ораста, озода  кўриниш касб этади. Кўча ва хиёбонларга минг-минглаб мевали, манзарали дарахтлар, бута кўчатлари, анвойи гулларнинг ниҳоллари  қадалади.

Миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга оид тизимли ишларнинг натижалари, юртимизда истиқомат қилиб, Ўзбекистонни ўзининг ягона ва табаррук юрти, деб билаётган турли миллат ва элат вакилларининг Наврўз умумхалқ байрамини нишонлашга оид урф-одатлари, анъана ва қадриятларини кенг намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Байрам яқинлашгани сайин баҳор айёми, қадрдон Наврўз байрамига бағишланган кўргазмалар, ижодий ҳафталиклар, учрашувлар, тақдимотлар, мусиқий дастурлар, ранг-баранг тадбирлар, ижтимоий хайриялари тобора авж олмоқда. 

...Нуроний онахон деразага боқиб, ёмғирдан зериккан осмонда қийқириб учаётган қалдирғочларга қараб, дуога оҳиста қўл очади. “Илоҳим юртмизга, тинчлигимизга кўз тегмасин! Келаси баҳорларга эсон-омонликда, бағри бутунликда етайлик!” Дарҳақиқат, баҳорий янгиланишнинг, Наврўзнинг ҳаётбахш ғоялари қалбларимизга, орзу-умидларимизга, ниятларимизга ҳаётимизга кўчгани рост бўлсин! 

Назокат Усмонова,  ЎзА