Бугунги кунда Ўзбекистон барча минтақалар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга бор эътиборини қаратаётган мамлакат сифатида тарихга кирмоқда. Бу ҳақиқатни яқиндагина катта муваффақият билан ўтказилган тарихий “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити яна бир бор исботлади.
Марказий Осиёнинг юраги – Ўзбекистонда бўлиб ўтган мазкур нуфузли анжуманда Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта таърифлаганидек, минтақа цивилизациясининг дурдонаси, навқирон Самарқанд мезбонлик қилган илк саммит мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги китоб саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан ёзилди.
Она тилимизда “ифтихор” деган, қалбларга ғурур бағишловчи сўз бор. Бугунги кунда бу калом чин маънода Ўзбекистон учун фақат таъриф ифодаси эмас, балки қалблардан жой олган ҳақиқий ҳиссиётга айланди. Тан олиш керак, илгари мамлакатимизнинг ташқи майдондаги иштироки чекланган, ички ривожланишимиз суръати секин эди. Энди эса манзара бутунлай бошқача.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги фаоллиги, нуфузли халқаро форум ва конференциялар ташкил этилиши, дунёдаги етакчи мамлакатлар билан тенг ҳуқуқли мулоқот – буларнинг бари юртимизни жаҳон саҳнасида танитмоқда. Энди Ўзбекистон нафақат минтақавий, балки дунё миқёсида ҳам ўз сўзига эга давлатга айланди.
Бу тараққиётнинг илдизи Учинчи Ренессанс ғоясида мужассам. У инсон салоҳиятини юксалтириш, таълим, фан, маданият ва маънавиятни тиклаш, тарихий меросни қадрлаш ҳамда замонавий дунёда республикамизнинг муносиб ўрнини белгилашга қаратилган.
Учинчи Ренессанс фақат ўтмишга қайтиш эмас, балки келажакни қайта кашф этишдир. Ҳозирги ўзгаришлар шароитида ёшлар орасидаги фаоллик, янгича тафаккур ва энг муҳими, Ватанга бўлган муҳаббат ва ифтихор ҳисси тобора ортяпти. Бу ислоҳотлар нафақат иқтисодиётни, балки халқнинг руҳий оламини ҳам ўзгартирмоқда.
Самарқанд саммити, юқорида таъкидлаганимиздек, “ифтихор” туйғусининг мустаҳкам бир чинорга айланиши йўлида дастури амал бўлди, десак муболаға эмас. Фикрим жамланмаси шундаки, халқаро ҳамжамият нигоҳини диёримизга қаратган Саммит Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларда мутлақо янги, тарихий босқични бошлаб берган платформага айланди.
Тарихда илк бор ЕИ етакчилари, жумладан Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен ва Марказий Осиёнинг барча беш давлати раҳбарлари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо ҳамда Европа инвестиция банки раҳбарияти бир даврада, умумий форматда йиғилиб, стратегик шерикликни шакллантириш масаласида муҳокама олиб борди.
Ўз навбатида, бундай тадбирлар ҳар вақт, ҳар минтақа ёки ҳар мамлакатда бўлавермайди. Айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари, бутун бир қитъа тақдирига дахлдор масалаларни ҳал қилиш йўлида бир даврада жам бўлишининг ўзи улкан ва дадил қадамдир. Жумладан, яқиндагина муқаддас Ҳайит кунлари гувоҳи бўлганимиздек, уч мамлакат – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари саммитининг адолатли қарори натижасида “Давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида”ги битим имзоланиб, Дўстлик стеласи тантанали равишда очилди.
Бу тарихий учрашув натижасида ўзбек, тожик ва қирғиз халқлари ўртасидаги азалий дўстлигимизга абадийлик рамзи ўрнатилди. Энг қувонарлиси, чегара масалалари ижобий руҳда ечим топди. Яқингача Европа нарёқда турсин, қўшни давлатларга ўтиш мумкин эмас эди, қариндош-дўстлар билан “борди-келди” йўқ даражага тушиб қолганди. Бир сўз билан айтганда, ўртадаги кўринмас деворлар, чегараларда ўрнатилган миналар тинчлик бермасди.
Муҳим ислоҳотлар, ташаббуслар, умуман минтақамиз ривожи замирида давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари, ташқи сиёсатдаги оқилона қарорлари бениҳоя муҳим роль ўйнамоқда. Гап мукофот ёки рағбатда эмас, балки эътирофда, деб биламан. Бизга ўзимизнинг эмас, балки бошқа мамлакат, минтақа эксперт-олимлари баҳоси, эътирофи ва эътибори муҳим. Зеро, ишларимизни белгилаб берувчи, тўғри йўл кўрсатувчилар айнан мутахассислардир.
Ўз навбатида, озарбайжонлик сиёсатшунос ва журналист Ильгар Велизаде уч давлат – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон чегара масалаларини тинч йўл билан ҳал этишга киришгани уч мамлакат халқлари ўртасидаги ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашга, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга кўмаклашувчи кенг қамровли шерикликни ривожлантириш учун мутлақо янги истиқбол очишини айтади.
– Озарбайжон минтақавий яқинлашув жараёнларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конструктив ташқи сиёсати ҳал қилувчи ҳисса қўшганини тан олади, – дейди мутахассис. – Мамлакатингиз етакчиси ўз Президентлигининг дастлабки кунлариданоқ Марказий Осиёдаги қўшнилар билан мулоқот йўлга қўйишни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилади.
Айтмоқчиманки, сўнгги 7-8 йилда Марказий Осиё бирдамликка қараб қадам ташлади. Давлатларимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилаётган олий даражадаги учрашувлар ижобий бир шаклда, оға-иничилик тамойилига асосланган ҳолда кўпгина мамлакатларга ўрнак бўлди. Бунинг натижасида Марказий Осиё дунёнинг етакчи давлатлари интиладиган, бозорларига ва фуқаролари салоҳиятига қизиқиш билдириладиган минтақага айлана олди.
Биргина Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан ташқи савдо айланмаси 2024 йил якунига кўра 6,4 миллиард долларга етди. Бу аввалги йилга нисбатан 5,2 фоиз ўсишни англатади. Мамлакатда мингдан зиёд Европа сармояси иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда. Иқтисодиётга кўҳна қитъа киритган инвестиция 30 миллиард еврога яқинлашди.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгилаб қўйилган мақсадлар, жумладан ялпи ички маҳсулот қийматини 200 миллиард долларга етказиш, ташқи иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва диверсификация қилиш каби йўналишлар ЕИнинг устувор йўналишлари билан ҳамоҳанг. Бу эса ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам замин яратади.
Тузилманинг минтақамиз билан ҳамкорлик қилишга бўлган интилиши барчамизни қувонтиради, албатта. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг саммитдаги нутқида билдирган фикрлар ёдга тушади: “Марказий Осиёнинг очиқлиги ва барча шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр экани минтақада хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашнинг энг муҳим шартига айланди”.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев, шунингдек ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид устувор йўналишлар юзасидан ҳам ўз нуқтаи назарини баён қилди. Жумладан, “яшил” энергетика, инновация, транспорт, инфратузилма ва аграр соҳадаги йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун Инвестиция платформасини ишга тушириш ташаббуси илгари сурилди.
Биргина “яшил” энергетика масаласини таҳлил қиладиган бўлсак, бугунги кунда Европада энергетика билан боғлиқ етарлича муаммолар мавжудлигини кўришимиз мумкин. Бизнинг минтақада барча турдаги металлар, ҳатто ҳали Менделеев жадвалига кирмаган элементлар ҳам борлиги энг катта ютуғимиз ва имкониятимиздир.
Саммит доирасида имзоланган Самарқанд декларацияси ушбу муносабатларни институционал даражада мустаҳкамлаб, барқарор ривожланиш, транспорт ва логистика, савдо, “яшил энергетика” ҳамда хавфсизлик соҳаларида узоқ муддатли шерикликни белгилаб беради.
Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта саммитдаги нутқи чоғида сўнгги йилларда ЕИнинг 2019 йил қабул қилинган Марказий Осиё стратегияси, 2023 йилда тасдиқланган “Йўл харитаси”, шунингдек Европа Иттифоқи Глобал дарвозаси стратегияси доирасида минтақамиз билан фаол ҳамкорлик қилишини қайд этди.
– Ҳамкорлигимиз салоҳияти ҳали тўлиқ юзага чиққани йўқ. Бу шериклик – бирор манзилга эмас, балки узлуксиз ривожланишга йўналтирилган сафар, – дейди кенгаш президенти. – Бугунги саммит муносабатларимизда янги босқичнинг бошланиши. У яккаликда қолмайди. Мен сизнинг таклифларингизни эшитишга, ҳамкорликнинг қайси соҳалари энг катта фойда келтиришини биргаликда аниқлашга тайёрман. Умумий стратегик шериклигимизни реал ва самарали қилиб, аниқ натижаларга эга тизимга айлантиришимиз шарт.
Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен таъкидлаганидек, бугунги кунда Европа ва Марказий Осиёни кўп асрлик “Буюк ипак йўли” мероси яна бирлаштирмоқда ва биз буни замонавий, узоқ муддатли ҳамкорликка айлантириш ниятидамиз.
Дарвоқе, бугунги дунёда хавфсизликка оид муаммолар ҳам ортиб бормоқда ва бу таҳдидлар трансчегаравий тусга эга. Ҳеч бир минтақа бу хавфдан холи эмас. Шунинг учун икки томонлама, минтақавий ва халқаро даражада ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарур.
Хавфсизлик бугунги кунда нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда устувор аҳамият касб этмоқда. Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи умумий таҳдидлар – терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик, наркотрафик ва киберхавфга қарши биргаликда ҳаракат қилиш заруратини яхши англаб етган. Шавкат Мирзиёев минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳар доим Марказий Осиё мамлакатлари учун энг устувор вазифалардан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолишини айтди.
Шундай экан, давлатимиз раҳбари Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокаралар жараёни бошланганини олқишлади ва тўлиқ қўллаб-қувватлади. Афғонистонни тинч ривожлантириш масалаларида сиёсий маслаҳатлашувни давом эттиришга тайёрлигимиз алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга давлатимиз раҳбари жаҳон ҳамжамияти ушбу мамлакат ҳудудидан келиб чиқадиган барча таҳдидларни етарлича баҳолай олмаётгани хусусида ҳам сўз юритди.
Умуман, Ўзбекистон томони қўшни халқ Афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнлар, жумладан инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга ижтимоий соҳани қайта тиклаш йўли билан фаол жалб этиш зарур деб билади.
Марказий Осиё иқтисодий қудратга эга минтақа сифатида жаҳонда ўз ўрнига эга. Биргаликда беш мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 500 миллиард доллардан ортиқ бўлиши мумкин. Қозоғистон – уран қазиб чиқариш бўйича дунёда илғор. Ўзбекистон – олтин ва пахта ишлаб чиқаришда етакчи. Туркманистон – газ бўйича гигант. Қирғизистон ва Тожикистон – гидроэнергетика лидерлари. Агар бу ресурслар ягона иқтисодий тизимга бирлашса, умумий бозор, инвестиция, транспорт йўлакларининг аҳамияти беқиёс ортади.
Мухтасар айтганда, Самарқанд саммити фақат дипломатик воқеа эмас, балки ҳар бир фуқаро ҳаётига ижобий таъсир кўрсатувчи барқарор тараққиётнинг янги даврини бошлаб берувчи стратегик тадбирдир.
Бугун Ўзбекистон дунёга, дунё Ўзбекистонга очилган. Президентимизнинг қатор ижобий ташаббуслари халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ томонидан ҳам эътироф этилиб, қўллаб-қувватланмоқда, амалиётга жорий этилмоқда. Самарқанд саммити ҳам айни ташаббусларнинг бири. Анжуманда қабул қилинган ҳужжатлар яқин йилларда Марказий Осиё халқлари ҳаётида жиддий ижобий ўзгаришларга туртки беради, деб ишонамиз.
Бир журналист, ижодкор сифатида Самарқанд саммити воқеалари кундалигини кузатиб, давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, меҳмонларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаб, кўнглимда бир руҳий юксалиш сезаман. Бу ҳиссиётни саммитда иштирок этган ҳамюртларимиз кўзларида, нигоҳларида ҳам кўрдим, англадим. Биз, бугунги кунда Ўзбекистон, Марказий Осиё ҳудудида яшаётган эллар буюк тарихга, улкан маданият ва давлатчилик меросига эгамиз. Насиб этса, тарихий ҳақиқат тикланади. Қўҳна Туркистон халқлари дунё саҳнасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлади. Бу ўйлар эса кўнгилларга чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини бағишлайверади.
Абдусаид Кўчимов,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.