Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўнгиллар “Дўстлик дастурхони”да яйради
14:05 / 2023-10-07

Ўзбек этномаданият марказининг ташаббуси билан Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Қозиғурт туманида “Дўстлик дастурхони” номли тадбир ташкил этилди.

Тадбир иштирокчиларини Туркистон вилояти Ўзбек этномаркази раҳбари Жавлон Сабитов ва ҳудуд фаоллари кутиб олди. Учрашув ҳар йили ўтказилгани сабабли анъанавий тус олган. 

Қозиғурт тумани ҳокими иштирокчиларга ўзининг самимий тилакларини билдирди. Қардош ўзбек ва қозоқ халқларининг тарихи, турмуш тарзи уйғун. Асрлар оша эса бу тушунчалар янада ривожланиб, қўни-қўшнилик, қуда-андачилик кўринишида анъана ва қадриятлар янада бойиб бормоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими раҳбари Сайёра Файзиева, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Тошкент вилоят бўлими раиси Раҳматилла Шералиев икки давлат раҳбарлари томонидан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларининг янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган амалий ишларнинг кўлами ҳақида сўзлади. 

Мазкур тумандаги Турбат қишлоғида ҳам минглаб ўзбек миллатига мансуб аҳоли иноқ яшаб келмоқда. Мактабларда болаларга дарслар ўзбек ва қозоқ тилларида олиб борилади. Эътиборлиси, бу қишлоқдан ўзбекистонлик ва қозоғистонлик эл ардоғидаги адиблар, давлат ва жамоат арбоблари, қаҳрамонлар етишиб чиққан. Улар орасида Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла, Ўзбекистон халқ артистлари Рихсивой Авазов ва бошқа кўплаб инсонлар бор. 

Тадбир доирасида ош танлови ва турли учрашув ва суҳбатлар ташкил этилди, ош танлови ғолиблари тақдирланди. Мезбонларга Тошкент вилояти ижодкорларининг бадиий-публицистик китоблари тақдим этилди. 

Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар эса барчага байрамона кайфият улашди.

А.Мусаев, ЎзА мухбири