Ҳар бир даврда муаллифлар ўз асарларида руҳиятининг бетакрор, тизгинсиз, жўшқин ва тушкин изтиробларини тасвирлаш ижодкорнинг асл мақсадига айланади. Ўз санъат асарларида инсоннинг қалб изтироблари, орзу-армонлари тасвирланади.
Хўш, ижодкор ким ўзи? Ижодкор – рассом, ижодкор – ҳайкалтарош, ижодкор – бастакор, ижодкор – ёзувчи… Улар инсон руҳиятидаги киши илғамас ҳис-туйғуларни, дард, изтироб, қувонч ва бахтни жозибали таъсир сўзлари орқали ифодаловчи санъаткорлардир.
Бугунги қаҳрамонимиз ҳам серқирра, чин ижодкорлардан. Ўз даврида ижро этган роллари, куй қўшиқлари билан қалбларни забт этган бўлса, кейинчалик унинг журналистикага кириб келиши ушбу соҳада алоҳида бир мактаб яратди. Бугунги қаҳрамонимиз тележурналист, ёзувчи, таржимон, "Шуҳрат" медали соҳиби Нур Аҳмад Ҳожибой ўғли.
Нур Аҳмад ака узоқ йиллар Хоразм вилояти телерадиокомпанияси тизимларида фаолият юритган ижодкор ўз даврининг таниқли зиёлилари, шоир ва адиблари, санъат дарғалари ҳақида ажойиб кўрсатувлар яратди ва уларни тарихга муҳрлади. Хоразм вилояти телерадиокомпанияси раиси лавозимидаги фаолияти давомида жамоанинг ижодий юксалиши, технологик оғир вазиятга қарамай вилоят телерадиокомпаниялари орасида биринчи бўлиб теле-радио маҳсулотларини тайёрлаш ва эфирга узатиш жараёнларини компьютерлаштиришга эришди.
Йиллар давомида шаклланган бой хаётий тажрибаси қаҳрамонимиз қўлига қалам тутқазди. Ёзувчилик иқтидори, бадиий диди, адабий қарашлари шаклланган кўп қиррали ижодкор, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси аъзоси Нур Аҳмад ҳаётий воқеалар, турли тақдирлар ҳақидаги бадиий-публицистик ва тарихий мавзулардаги бир қатор китоблари билан қайта тилга тушди.
Биз қаҳрамонимизни "кўнгил одами" дея таърифладик. Суҳбатимиз давомида шуни англадикки, Нур Аҳмад ака нафақат атрофдаги инсонлар ва вазиятларга нисбатан эътиборли, балки таниш-нотаниш инсонларнинг қалбини ҳис қилган ҳолатда мулоқот қиладиган - кўнгил одами эканликларига гувоҳи бўлдик. Бугунги суҳбатимизни қаҳрамонимизнинг сўзлари билан якунласак — ҳеч кимнинг кўнгил кошонаси бузилмасин, аксинча унда ўз аксимизни қолдириш ҳаммамизга насиб этсин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/-TXmz9lDYmw?si=2z7BXGVAcw_giKyM" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА