Қашқадарё вилояти кўз касалликлари шифохонасида “Кўнгил кўзи” Янги йил хайрия акцияси доирасида Қарши шаҳридаги 18-махсус мактаб-интернат ўқувчилари тиббий кўрикдан ўтказилди.
Лойиҳа ташкилотчиси Саида Мирзиёева шифохонада бўлиб, кўрик жараёни билан танишди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.
«Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоятидаги Офтальмология шифохонасида бўлдик. Шифохона фаолияти ва бизнинг хайрия акциямиз доирасида бу ерда текширувдан ўтаётган жажжи беморлар билан танишдик. Aкциянинг биринчи босқичи ўз якунига етди. Ҳозирги кунга қадар республика бўйлаб 2 964 нафар бола текширувдан ўтказилди. Навбат иккинчи босқичга. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари кўмагида болалар кўзларида ўтказилиши лозим бўлган жарроҳлик аралашувининг қийинлик даражасига кўра категорияларга ажратилди. Бундан келиб чиққан ҳолда, болаларнинг баъзилари вилоят касалхоналарида, баъзилари Тошкентда операция қилинади, айримлари эса хориждан жалб этилган мутахассислар ёрдамида даволанади. Жами 478 нафар бола учун 630 та операция ўтказилади” – деб ёзди Саида Мирзиёева телеграмдаги каналида.
Маълумки, мазкур хайрия акцияси кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таълими, уларнинг маънавий ва руҳий ривожланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, келгуси ҳаётга ва жамиятга мослашиши учун йўналтирилган.
– Айни пайтда Қарши шаҳридаги 18-махсус мактаб-интернат ўқувчиларидан 212 нафари стандарт текширувлардан имтиёзли ўтказилди, – дейди вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори Иброҳим Очилов. – Ҳар бир бемор болани Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг масъул шифокорларига телемедицина орқали кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилди. Шунингдек, марказ директори Азамат Юсупов раҳбарлигидаги малакали офтальмологлар ҳам шифохонада бўлиб, 14 нафар болани тиббий кўрикдан ўтказди. Айни пайтгача 52 нафар бола жарроҳлик амалиёти учун саралаб олинди. Уларда жорий йил давомида жарроҳлик амалиёти ўтказиш мўлжалланмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, тиббий кўрикда сараланган бемор болаларнинг айримларига кўзнинг шоҳ пардаси кўчириб ўтказилади, айримлари катаракта, бошқалари эса птоз (қовоқлар осилиб қолиши), ғилайлик сингари касалликларидан фориғ бўлади. Бу болаларнинг кўзларига бағишланган нур уларнинг яқинлари қалбларини ҳам мунаввар этиши шубҳасиз.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА