Бугунги кунда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Тинчлик ва ҳамжиҳатликка асосланган жамиятда барқарорлик ва тараққиёт қарор топиши шубҳасиз.
Шу мақсадда Андижон шаҳрида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Андижон вилояти ҳокимлиги, адлия ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармалари, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг вилоят бўлинмалари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда маҳаллий ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари, миллий маданий марказлар, турли конфессия вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Давра суҳбатида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, конфессиялараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ушбу соҳани тартибга солувчи қонунлар ва давлат дастурлари ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Андижон вилоятида эса 10 дан зиёд миллат ва элат вакиллари бир оиладек ҳаёт кечириб, вилоятдаги 5 та миллий-маданий марказ ҳамда 185 та диний ташкилот фаолият кўрсатмоқда.
[gallery-26206]
Тадбир модератори, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят бўлими раҳбари Фарҳод Атабаев ташкилотчилар номидан сўзга чиқиб, “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг аҳамиятини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ҳафталик доирасида турли миллат ва конфессия вакиллари билан ҳамжиҳатликда амалга ошириладиган тадбирлар орқали ёшлар онгида бағрикенглик ғоялари сингдирилади, жамоатчилик ҳамкорлиги кучайтирилади.
Йиғилишда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Раҳматилло Арзиев, Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Муроджон Ахматахунов, шунингдек, Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Обиджон Носиров сўзга чиқди. Улар мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида давлат томонидан яратилган имкониятлар, миллатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстлик муҳити ҳақида фикр билдирди.
Обиджон Носиров ўз нутқида қирғиз миллати вакилларининг юртимизда турли соҳаларда фаолият юритиши, улар учун яратилган кенг имкониятлар ҳамда давлат қўллаб-қувватлови ҳақида тўхталиб, бу каби тадбирлар миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш ва маънавий ривожланишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Давра суҳбатида иштирокчилар мамлакатдаги қонунчилик ва давлат дастурлари орқали таъминланаётган барқарорлик механизмлари, миллий ва диний бағрикенгликни ривожлантиришнинг замонавий усуллари ҳақида фикр алмашди. Шунингдек, ҳафталик доирасида қўшимча маънавий-маърифий учрашувлар ва амалий тадбирлар ўтказилиши белгиланди.
Тадбир якунида иштирокчилар бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшлар онгида дўстлик ва бирдамлик ғояларини сингдириш бўйича ўз таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдирди. Улар бундай учрашувларни доимий йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди.
Фахриддин Убайдуллаев, Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари