Хива шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгашининг навбатдаги сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда юртимизда расмий фаолият олиб бораётган 16 та диний конфессия вакиллари иштирок этди. Шунингдек, бу йилдан эътиборан Кенгаш аъзоларидан ташқари Республика парламенти, турли вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилот вакиллари ҳам кузатувчи сифатида қатнашди.
Мазкур Кенгаш республика ҳудудида фаолият олиб бораётган барча диний конфессиялар фаолиятини мувофиқлаштириб турувчи маслаҳат органи бўлиб, унинг ташкил этилиши ва фаолият юритиши ҳам айнан динлараро мулоқотнинг ривожланиши ва юзага келадиган барча масала ва муаммоларнинг баҳамжиҳат ҳал этилишига кўмаклашади.
[gallery-22037]
Йиғилишда давлат, диний конфессиялар ва турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар ўртасида доимий ва самарали мулоқотни ўрнатиб бориш, мамлакатдаги барча диний конфессиялар орасида ўзаро ҳурмат ва ижтимоий тотувликни янада мустаҳкамлаш, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар аҳоли ўртасида ўзаро тушуниш ва диний бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, конфессиялараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш каби вазифалар муҳокама этилди.
2025 йил 25 февралда Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинди.
Анжуманда мазкур концепция лойиҳасининг ишлаб чиқилишида ҳам диний конфессиялар вакиллари фаол иштирок этдилар ҳамда ўз фикр-мулоҳазаларини нафақат парламент йиғилишларида, балки расмий сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида ҳам баён қилганликлари таъкидланди.
Конфессиялар ишлари кенгашининг Хива шаҳридаги сайёр йиғилиши якунлари юзасидан "Ўзбекистон - 2030” стратегиясини "Атроф муҳитни асраш ва "яшил" иқтисод" йилида амалга оширишга оид давлат дастури" бўйича Мурожаатнома қабул қилинди.
Анжумандан сўнг Кенгаш аъзолари, кузатувчилар ҳамда меҳмонлар учун Хива шаҳрининг тарихий масканларига саёҳат уюштирилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари