Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференция тафсилоти, ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, бутун дунё таҳлилчилари ва экспертлари диққатини тортмоқда. Хорижлик мутахассислар мазкур анжуман нафақат Афғонистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилишини алоҳида эътироф этмоқда.
Масалан, Хитой Замонавий халқаро муносабатлар академияси Евроосиё тадқиқотлари институти директори Дин Сяосин, жумладан, шундай дейди:
– Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясида йигирмадан ортиқ давлат ва етакчи халқаро тузилмалардан юздан зиёд вакил иштирок этиши нафақат ушбу тадбирнинг долзарблиги, балки жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш, минтақа барқарорлигини таъминлашга жиддий қизиқишидан далолат.
Конференция Ўзбекистон раҳбариятининг ўта муҳим ва асосийси, ўз вақтида илгари сурилган ташаббуси самараси, деб ўйлайман.
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокчиларга йўллаган мурожаатида Марказий Осиё ва Афғонистон халқлари минг йиллар давомида бир-бири билан ёнма-ён яшаб келгани, уларни умумий маданий, маънавий ва тарихий қадриятлар бирлаштириб туришини таъкидлади. Айни шу жиҳат минтақани янада ривожлантириш йўлидаги дўстона алоқани мустаҳкамлашда муҳим омилдир.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Амударёнинг бир томонида барқарорлик бўлмаса, нариги қирғоқ, яъни Ўзбекистон ёки Марказий Осиёнинг бошқа бир давлатида хавфсизликка, барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди.
Ҳозирги вақтда ижтимоий-иқтисодий инқирозга дуч келаётган Афғонистонга нисбатан дунё эътибори суст. Шу боис Тошкент конференцияси жаҳон ҳамжамиятининг афғон муаммоси, жумладан, ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклашга эътиборини кучайтиришга хизмат қилади.
ЎзА