Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказида маҳсулотларни халқаро талаблар асосида синовжан ўтказиш бўйича замонавий синов лабораториялари ташкил этилмоқда.
Мазкур марказнинг синов лабораториялари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Абдуқодиров тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Халқаро ташкилотларнинг стандартлари, талаб ва меъёрларига мувофиқ юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг синовларини тўлиқ амалга оширадиган замонавий синов ва назорат лабораторияларидан иборат синов ва назорат комплекси ташкил этилди.
Тошкент вилоятининг Пскент туманида умумий қиймати 3,8 миллион евро бўлган Техник воситаларни электромагнит мослашувчанликка баҳолаш бўйича техник регламент ва халқаро талабларга мувофиқ синовларни ўтказиш йўлга қўйилди.
Натижада саноат тармоқларининг машинасозлик ва электротехника йўналишидаги корхоналар учун жами 6 мингдан зиёд синов баённомалари расмийлаштирилиб, ушбу маҳсулотлар мувофиқлиги баҳоланмоқда.
Марказ ва унинг Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Қашқадарё, Самарқанд ҳамда Хоразм филиаллари қошидаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини синаш лабораторияларига қиймати 9,5 миллион доллар бўлган 336 дона замонавий ускуна харид қилинди.
Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини синаш бўйича 2 мингдан ортиқ синов усуллари ўзлаштирилди ҳамда аккредитациядан ўтказилди.
Синов учун олинган намуналарни лабораторияга етказиш бўйича логистика хизмати ишга туширилди. Натижада озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги, саноат тармоқларидаги 1982 экспортёр корхона маҳсулотлари синовларини ўтказиш ҳамда олис туманда жойлашган корхона маҳсулотларини лабораторияга етказиш имконияти яратилди.
Металл маҳсулотлари синовларини тўлиқ ўтказишни таъминлаш мақсадида лабораторияларни модернизация қилиш учун Олмалиқ КМК ва “Ўзметкомбинат” АЖнинг 1,7 миллион евро беғараз маблағи ажратилди.
Марказнинг Тошкент шаҳри лабораториясига 13 дона, Андижон ва Қашқадарё филиаллари лабораторияларига жами 29 дона замонавий ускуна харид қилинди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида қиймати 3,5 миллиард сўм бўлган лойиҳа асосида янги лаборатория биноси барпо этилди.
Металларининг физик-механик синовлари ҳамда кимёвий таркибини аниқлаш бўйича 30 дан ортиқ халқаро синов усули ўзлаштирилди. Натижада машинасозлик ва қурилиш саноат тармоқларидаги 448 экспортер корхона маҳсулотларининг синовларини ўтказиш имконияти яратилди. 14 та синов лабораторияси O‘z DSt ISO/IEC 17025:2019 стандарти бўйича аккредитациядан ўтказилди.
Тез кунларда Жанубий Кореянинг 2,3 миллион долларлик грант маблағи ҳисобига кондиционерларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш бўйича синов лабораторияси ташкил этилади.
Натижада энергия сарфи юқори бўлган кондиционерлар муомалага чиқарилишининг олди олинади. Шу билан бирга, импорт тарзида кириб келадиган кондиционерларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш имконияти яратилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА