Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кончилик ва металлургия иқтисодиёт тармоқларида етакчи соҳа сифатида ривожланмоқда
16:08 / 2025-05-16

Кончилик ва металлургия саноати Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайдиган тармоқлардан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда ушбу йўналишда инвестициявий муҳитни яхшилаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги конларни ўзлаштириш ва геология-қидирув ишларини кенгайтиришга доир кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

Айниқса, бу жараёнда соҳада фаолият юритаётган юзлаб мутахассислар фидокорона меҳнат қилаётгани алоҳида таҳсинга сазовор. 

Маълумки, юртимизда ҳар йили анъанавий тарзда май ойининг учинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни” сифатида кенг нишонланади. 

Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида тантанали тадбир ташкил этилди. 

Марказий аппарат ва тизим корхоналари вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда вазир ўринбосари Урал Юсупов сўзга чиқиб, байрам муносабати билан соҳада фаолият юритаётган барча мутахассисларни самимий табриклади.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон иқтисодиётида кончилик ва металлургия саноати стратегик аҳамият касб этади. Бу тармоқлар нафақат миллий бойликларимизни ўзлаштириш ва қайта ишлашга, балки саноатнинг барча йўналишларини минерал хомашё билан таъминлашга хизмат қилмоқда. 

– Бугунги кунда мазкур йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли инвестициявий лойиҳалар ва замонавий ишлаб чиқариш қувватларининг йўлга қўйилиши борасидаги ишлар мамлакатимизнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, минтақаларда янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, кончилик ва металлургия соҳасига давлат томонидан устувор аҳамият берилаётир. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий этилаётган замонавий ечимлар натижасида туб ўзгаришлар кузатиляпти. Мутахассисларнинг саъй-ҳаракатлари эса бу ютуқларнинг асосий омили ҳисобланади. Ташкил этилган ушбу тадбир ҳам тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга бўлган алоҳида эътибор намунасидир, – деди У.Юсупов. 

Шунингдек, тадбирда табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, жаҳон талабларига мос рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, соҳани модернизация ва рақамлаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар кончилик ва металлургия тармоқларининг инновацион салоҳиятини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Шундан сўнг соҳада фаол меҳнат қилаётган мутахассисларга “Фахрий ёрлиқ”лар топширилди. Улар орасида вазирликнинг кўмир саноатини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Анваржон Ортиқов ҳам бор. Унинг соҳадаги самарали фаолияти, масъулият билан бажарган вазифалари муносиб эътироф этилди. 

– Бундай эътибор нафақат менга, балки бутун жамоамизга билдирилган катта ишончдир. Кўмир саноати давлатимиз учун стратегик аҳамиятга эга йўналиш бўлиб, уни ривожлантириш йўлида хизмат қилиш мен учун шараф ҳисобланади. Бундан кейин ҳам юртимиз ривожи йўлида бор билим ва тажрибамдан самарали фойдаланаман, – деди А.Ортиқов.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА