Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кончилар дилкаш наволардан баҳраманд бўлди
19:47 / 2023-12-14

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан Ўзбек миллий мақом санъати маркази Навоий вилояти ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда “Фарҳод” маданият саройида миллий мақом санъатини кенг тарғиб қилиш, аҳоли, жумладан, кўп минг кишилик комбинат жамоасининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида “Дилкаш наволар” номли мусиқий кеча ташкил этилди.

Маълумки, бой тарихга эга миллий мақом санъати теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллаб келмоқда. Асрлар давомида улуғ шоир, моҳир бастакорлар, ҳофиз ва созандаларнинг машаққатли меҳнати, ижодий тафаккури билан шаклланган ва сайқал топиб келаётган ушбу ноёб санъат тури нафақат юртимиз, балки дунё миқёсида катта шуҳрат қозонмоқда. Биргина мақом санъатининг гултожи бўлган “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани бунинг ёрқин тасдиғидир. 

Кейинги йилларда давлатимиз томонидан мақом санъатини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида эътирофли ишлар амалга оширилди, қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 2023 йил 30 августдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш ва соҳа вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги Президент қарори соҳага қаратилаётган эътибордан далолатдир. 

– Миллий ўзлигимизни англаш, фарзандларимизни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, эстетик диди ва тафаккурини шакллантиришда мақом санъатининг ўрни беқиёс, – дейди навоийлик Роҳила Очилова. – Оиламиз билан бу санъатни яхши кўрамиз, мақом янграганда мароқ билан берилиб тинглаймиз. Чунки унинг оҳанги, ижроси бўлакча, ҳузур қиласан киши. Комбинат ташаббуси билан айнан шу йўналишда концерт ташкил этилганини эшитиб оиламиз билан келдик. Тадбир жуда мароқли, мазмунли руҳда ўтди. 

Албатта, санъаткорни илҳомлантирадиган, унга куч бағишлайдиган нарса бу – мухлис ва олқиш. Созанда ва қўшиқчилар, раққосаларнинг ҳар бири чиқишини залга ташриф буюрган мухлислар қарсаклар билан қўллаб-қувватлаб туришди. 
Бундай тадбир яқин кунларда Учқудуқ шаҳридаги “Учқудуқ” маданият уйида, келгуси йилда эса комбинат бўлинмалари жойлашган барча ҳудудларда ташкил этилиши кўзда тутилган. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири