English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кончилар диктант ёзди
17:12 / 2023-10-19

Навоий кон-металлургия комбинати Жанубий кон бошқармасининг “Кончи” маданият уйида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ўзбек тили байрами муносабати билан Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Навоий вилояти бўлинмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қўшработ тумани бўлими  ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир доирасида дастлаб ишчи-ходимлар ўртасида диктант ёзиш танлови, давлат тилига доир билимлар бўйича синов ўтказилди.  

– Охирги марта мактаб даврида диктант ёзганман, – дейди 4-гидрометаллургия заводи ишчиси Севара Агаева. – Она тили ва адабиётига қизиққаним боис, доим ундан аъло баҳо олардим. Бунга анча йиллар бўлганди. Бугун ўзимни қайта синаб кўрдим. Ёшликда олган билим барибир хотирада қоларкан. Ҳамкасбларимиз орасида биринчи ўринни олдим. Бундай синовларни кўп ўтказиш керак.

Ишчи-ходимлар иштирокида ўтказилган тадбирда Самарқанд давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти Зайниддин Қурбонов, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Навоий вилояти бўлинмаси раҳбари Ҳусниддин Суюнов ва бошқалар давлат тилининг мамлакат ва халқ ҳаётидаги ўрни, бугунги кунда ўзбек тилини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритдилар.

Шунингдек, ижодкорлар томонидан она тилини улуғловчи шеърлар ўқилди. “Кончи” маданият уйи бадиий жамоалари, мактаб ўқувчилари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди, саҳна кўринишлари намойиш қилинди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири.