English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчиларни солиққа тортиш тартибга солинади
17:43 / 2023-06-05

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Уни фракция раҳбари Алишер Қодиров кириш сўзи билан очар экан, дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё ва Европа иттифоқи” етакчиларининг иккинчи учрашувидаги иштирокига тўхталди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг Европа иттифоқи давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жорий йил бошидан буён 70 фоизга ошди. Европанинг етакчи компаниялари иштирокида мамлакатимиз иқтисодиётининг юқори технологик тармоқларидаги инвестиция лойиҳалари портфели 20 миллиард евродан ортди.  

Гуманитар соҳада Париждаги Лувр ва Берлиндаги Янги музей билан ҳамкорликда иккита ноёб лойиҳа амалга оширилди. Ушбу санъат марказларида илк бор минтақамизнинг бой маданий-тарихий мероси кенг намойиш этилди.  

Марказий Осиёнинг туризм салоҳиятидан фаол фойдаланиш мақсадида давлатимиз раҳбари минтақа учун барқарор туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш дастурини биргаликда ишлаб чиқиш ва уни жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиладиган Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей саммитида тақдим этишни таклиф қилди.  

Фракция раҳбари юқоридагиларни эътироф этган ҳолда, Ўзбекистон учун Европа давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Шундан сўнг депутатлар "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида" ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.  

Қайд этилганидек, юртимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб замонавий миллий эстрада санъатини янада ривожлантириш, эстрада ижрочиларининг профессионал маҳоратини ошириш ҳамда иқтидорли ёш хонандаларни кашф этиш учун барча шароит ва имкониятлар яратилди. Аммо шу билан бирга, бугунги кунда тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан концерт-томоша фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, маданий-оммавий тадбирларни ўтказиш, бадиий жиҳатдан юксак мусиқа асарларини яратиш соҳасидаги ишлар сусайган. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 июлдаги "Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида" ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш зарурияти юзага келмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳасига кўра, концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштиришни тартибга солувчи айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Унинг қабул қилиниши концерт-томоша санъатининг бой анъаналарини юксалтириш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, замон талаблари даражасидаги саҳна асарларини яратиш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгида миллий ва жаҳон маданияти ва қадриятларига нисбатан ҳурмат туйғусини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан олинаётган солиқлар ҳамда бошқа йиғимларни камайтириш орқали уларга енгилликлар яратилади.  

Муҳокамаларда сўз олган фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА