Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кон-геология тизимида коррупциянинг олдини олиш борасида қандай ишлар қилинмоқда?
14:42 / 2025-12-04

Кон-геология соҳаси мамлакат иқтисодий барқарорлиги, минерал хомашё базасини ривожлантириш ва стратегик ресурслардан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади. Бу соҳада қабул қилинадиган ҳар бир қарорнинг аҳамияти юқори бўлгани сабабли, унда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Геологик маълумотлар, ер қаъри ресурслари бўйича лицензиялар, геологик қидирув ва қазиб олиш жараёнлари очиқ бўлмаса, коррупция, манфаатлар тўқнашуви ва ноқонуний фаолиятлар хавфи ортади. Шу сабабли, коррупцияга қарши курашиш нафақат ҳуқуқий талаб, балки соҳанинг барқарор ривожланиши учун асосий шарт ҳисобланади. 

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида 9 декабрь - Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ўтказилган “Очиқ эшиклар куни”да айнан шу масалалар муҳокамасига аҳамият қаратилди. 

Соҳа масъуллари, маслаҳатчилари, ижро аппарати ва тизим корхоналари раҳбарлари, коррупцияга қарши комплаенс хизматлари ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этган ушбу тадбирда Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобир Исломов вазирлик ва тизим корхоналарида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича,  тизимда коррупция хавфларини баҳолаш, ички комплаенс тизимини ривожлантириш, барча жараёнларни рақамлаштириш, тендер ва лицензия механизмларининг шаффофлигини таъминлаш каби йўналишларда амалий натижаларга эришилган. 

– Маълумки, шаффофлик ва ҳисобдорлик Кон-геология соҳасида ресурслардан оқилона фойдаланиш, халқаро инвестицияларни жалб қилиш, тендер ва лицензия жараёнларида адолатни таъминлаш, ички назоратни кучайтириш ва жамият ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ер қаъри бойликлари миллий бойлик экани инобатга олинса, улардан фойдаланиш жараёнларининг очиқ бўлиши мамлакат келажаги учун стратегик аҳамиятга эга. Шу маънода, ташкилотимизда ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” тадбири коррупцияга қарши тизимли ёндашувни кучайтириш, халқаро мезонларга мос комплаенс муҳитини яратиш ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотни таъминлашга хизмат қилади, – деди вазир. 

Шунингдек, тадбирда коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий идеализм ва ҳалоллик тамойилларини шакллантириш зарурлигини таъкидлади. Унга кўра, коррупциянинг олдини олишда фақат жазо чоралари эмас, балки жамиятда ҳалоллик муҳитини кенгайтириш ҳам устувор вазифадир. 

Шундан сўнг тадбирда ISO 37001 ва ISO 37301 халқаро стандартлари бўйича ташқи аудит натижалари эълон қилинди. Аудит натижаларига кўра, вазирликка тегишли халқаро сертификатлар топширилди.   

Тадбир якунида “Аксилкоррупция ойлиги”доирасида ўтказилган маърифий ва ижодий тадбирлар натижалари маълум қилинди. Унга кўра, “Энг яхши мақола”, “Энг яхши шеър”, “Энг яхши расм” ва “Энг яхши видеоролик” номинациялари бўйича жами 76 та материал тақдим этилган бўлиб, ғолиблар турли совғалар билан тақдирланди.   

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА