Бизнес-омбудсман томонидан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг тизимидаги ташкилотларда тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ижроси ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг қонунийлиги юзасидан ўрганишлар ўтказилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида инспекция ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари томонидан 312 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилгани аниқланди. Шунингдек, Жанубий минтақавий инспекция ходимлари томонидан 3 та ҳолатда ўтказилган текширув Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказилмаган.
Шимоли-ғарбий минтақавий инспекцияда 24 та, Самарқанд-Бухоро вилоят инспекциясида 17 та, Марказий минтақавий инспекцияда 1 та ҳолатда ўтказилган текширишларда “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида” Низом талабига риоя этилмаган.
Масалан, инспекциянинг етакчи мутахассислари томонидан тадбиркор фаолиятида ўтказилган текширув якуни бўйича маълумотлар белгиланган муддатда ягона тизимга киритилмаган. Худди шу каби қонунбузилиш 41 та ўтказилган текширишларда ҳам такрорланган.
Шимоли-ғарбий минтақавий инспекцияда 90 та, Самарқанд-Бухоро вилоят инспекциясида 19 та, Фарғона минтақавий инспекциясида 26 та, Жанубий минтақавий инспекцияда 13 та, Марказий минтақавий инспекцияда 2 та жами 150 та ҳолатда юқорида белгиланган Низом талабларига риоя этилмаган.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига асосан ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган.
Инспекция ходимлари 11 та мурожаатни қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқмаган. Инспекцияда 2 та, Самарқанд-Бухоро вилоят инспекциясида 4 та, Марказий минтақавий инспекцияда 5 та ҳолатда белгиланган муддатларда мурожаатларга жавоб хати берилишига риоя этилмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари талабларига кўра, қўмита ва инспекция томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиши белгиланган.
Ўрганиш давомида давлат хизматлари “Лицензия” ахборот тизими орқали эмас, балки анъанавий тарзда, яъни қоғоз шаклда тўғридан-тўғри амалга оширилаётгани маълум бўлди. Қайд этилган камчиликларга йўл қўйган 25 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Ўрганиш якуни бўйича соҳада қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида қўмита раҳбарига тақдимнома киритилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА