Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, истеъдодли рассом Анвар Бобонинг “А квант” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Экспозицияда рассомнинг 50 га яқин рангтасвир асарлари намойиш этилди.
Анвар Бобо 1980 йилда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида туғилган. Рассомнинг асарлари Ўзбекистон Давлат санъат музейи ва Ўзбекистон Миллий банк галереяси ҳамда хориждаги шахсий тўпламларда сақланади.
Тадбирда қайд этилганидек, Анвар Бобонинг бугунги эскпозицияда қўйилган ишлари унинг ижодининг кичик бир қисми, ҳисобланади. Рассомнинг асарлари ҳам композицион, ҳам мавзу жиҳатидан маҳобатли. Асарларга назар ташлар экансиз мусаввирнинг ажойиб устоз, меҳрибон мураббий Ниғмат Қўзибоевнинг сабоқ ва ўгитларини бекаму-кўст ўзлаштирганини ва тинимсиз меҳнат машаққатлари гувоҳи бўласиз.
Ижодкор очиқ ҳавода имперессионистик руҳдаги асарлар яратар экан, унда ранглар ва чизиқлар катта-катта мазоклар кўринишида шиддатли экпрессив ғалаён кўтараётгандек таассурот уйғотади.
[gallery-25846]
Композиция ҳажман қанчалар йирик бўлса, мазоклар ҳам шу қадар йирик, баъзида эса аксинча матонинг қайсидир жойларида рангларни силлиқ берса, қайсидир жойларига йирик мазоклар қўяди.
Тасвирдаги манзаралар кўпинча табиатнинг бошқа аъзолари билан қўшилиб мавзу умумийлигини, айни пайтда унинг уйғунлашиб кетишини юзага келтиради. Композицион ва ранглар ечимига усталик билан келинган, асосан, ранглар ижодкорнинг ички ҳиссиётлари ва кечинмаларини ифодалайди. Мусаввир композиция мавзусини очиб беришда, шунингдек, рамзий маънолар англатувчи унсурлардан ҳам унумли фойдалана олади. Бу рамзийлик гоҳида реал маъно англаса, гоҳида мажозий маъноларга ҳам ишора қилади.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев(сурат), ЎзА