Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Комплекс дастур такомиллаштирилмоқда
09:37 / 2024-10-05

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да вилоятда кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.

Унда туман ва шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, вилоятдаги иқтисодий комплекс раҳбарлари, тижорат банклари масъуллари, микромолия ташкилотлари вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.  

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни, хусусан кичик бизнес субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имконият ва имтиёзлар бериш йўналишида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  

Дарҳақиқат, бугун кичик бизнес том маънода иқтисодиётнинг драйверига айланди. Кичик бизнесни ривожлантириш мамлакатимизда ички бозорни зарур товар ва хизматлар билан тўлдириш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадларининг ўсишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 сентябрдаги “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам кичик бизнесни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ҳужжатлардан, бири десак янглишмаймиз.  

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашнинг узлуксизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, банк ва микромолиялаштириш хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилганлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир.  

[gallery-19606]

Семинарда сўзга чиққанлар мазкур қарор асосида тадбиркорлар ва тижорат банклари учун яратилган имкониятлар ҳамда берилаётган имтиёзлар, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси билан тижорат банклари ўртасидаги ҳамкорлик, шунингдек, микрокредитларни қайта молиялаштириш, портфель кафиллигини тақдим этиш тизими хусусида батафсил сўз юритди.  

– Қайд этиш керак, мазкур қарор давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг узвий давоми бўлиб, унда тадбиркорлар учун кенгроқ имконият ва имтиёзлар тақдим этилмоқда, – дейди Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси директори ўринбосари Зариф Холмуродов. – Хусусан, ҳудудлар кесимида тадбиркорларга тоифаланган тизимда имтиёзлар берилаётгани янада аҳамиятлидир. Бугунги семинарда иштирокчиларга қарор билан белгиланган имтиёзлар хусусида батафсил маълумотлар тақдим этиб, уларнинг бу борадаги билимларини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилдик.  

Шунингдек, семинарда ажратиладиган кредитларнинг капитал монандлигига таъсири, кичик тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси маблағлари ҳисобидан микрокредитлар бериш тартиби, 100 миллиард сўм миқдорида ажратиладиган автокредитларнинг банк капиталга таъсири ва даромадлилиги мавзуларида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.  

Семинарда эса Президентимизнинг қарори мазмун-моҳиятини иқтисодий комплекс вакилларига, кенг жамоатчиликка, хусусан тадбиркорлик субъектларига оддий, халқчил тилда етказиш, улар фаолиятида мазкур имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланишларига кўмаклашишга қаратилди.  

Семинар доирасида иштирокчиларнинг саволларига масъуллар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.  

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари