Коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат») давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига жорий этилмоқда.
Бу коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этилишини таъминлаш, коррупция хавф-хатарлари ва манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишга ёрдам беради. Ўз навбатида, тизим қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш каби қатор профилактик чоралар орқали ўз аҳамияти ва самарасини яққол намоён этмоқда.
Хусусан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида 2020 йил комплаенс назорат тизими ташкил этилган.
– Ўтган вақт мобайнида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид 30 га яқин ички-идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, – деди агентлик масъул ходими Феруза Мирзакомилова. – Яқинда Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорат инспекцияси томонидан вазирликнинг қарийб 3 йиллик фаолияти давомида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг сарфланиши юзасидан ўтказилган текширувда ходимларнинг иш ҳақи, устама, мукофот ва моддий ёрдам пуллари, компенсация ва бошқа қўшимча тўловларни ортиқча тўлаш билан боғлиқ 5 миллион 390 минг сўм миқдоридаги бюджет қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди. Буни, албатта, яхши кўрсаткич ва тизимли ишларнинг самараси ҳам дейиш мумкин.
Ҳозирда ортиқча тўлаб юборилган ушбу устама тўловлари тегишли шахслардан ундирилиб, бюджетга қайтарилиши таъминланмоқда.
Вазирлик тузилмасидаги вакант лавозимларга ишга қабул қилиш тизими тубдан ислоҳ қилинди. Ходимларни лавозимларга тайинлашда шаффофликни таъминлаш, илғор халқаро стандартларга мувофиқ махсус электрон дастур асосида талабгор фуқаролар ва тизимда фаолият юритаётган ходимларни саралаб олиш тартиби тизимли йўлга қўйилди. Натижада вазирлик тизимида ушбу йўналишдаги коррупциянинг олдини олишга эришилди.
Коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – бошқарув тизимида “инсон омили”ни камайтириш учун давлат ва жамият бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишдир.
Шу маънода вазирлик томонидан соҳани рақамлаштириш, коммунал тўловлар тизими шаффофлигини таъминлаш мақсадида “Менинг уйим” биллинг тизими ишлаб чиқилган. Унда кўп квартирали уйлардаги аҳолининг мажбурий бадал тўловларини электрон шаклда тўлаш ва, ўз навбатида, юртдошларимиз томонидан бошқарув ташкилотларининг молиявий харажатларини онлайн кузатиб бориш имконияти яратилди.
Бу каби рақамлар комплаенс назорат тизими ҳақиқатан самарали йўлга қўйилгани, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш ишлари тизимли олиб борилаётганини кўрсатади.
Н.Абдураимова,
ЎзА