Жорий йилнинг 8 июнь куни ижтимоий тармоқларда «Мажбурий ижро – кимлар учун мажбурий?» номли хабар жойлаштирилган эди.
Аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг Гулистон шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан Д.Маматқулова фойдасига 145 281 850 сўм компенсация пули ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Гулистон шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган.
Гулистон шаҳар ғазначилик бўлинмасига ижро ҳужжатини ижро қилиш учун талабнома ва қарор юборилган.
Ҳаракатлар давомида Д.Маматқулованинг фойдасига 77 144 000 сўм ундирилиб, банк пластик карточкасига ўтказиб берилган.
Бундан ташқари, иш юритувда қарздор Гулистон шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан 36 нафар ундирувчилар фойдасига жами 6 546 803 405 сўм компенсация пули ундириш билан боғлиқ Гулистон шаҳар ҳокими номига эслатма хатлари юборилган.
Гулистон шаҳар ҳокимлигининг жавоб хатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2030 йилгача Гулистон шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Гулистон шаҳрининг архитектуравий қиёфасини тубдан ўзгартириш учун шаҳарда кенг кўламда қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилаётганлиги, товон пулларини тўлаш Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш бўйича марказлаштирилган вилоят кузатув кенгаши жамғармаси орқали маҳаллий бюджетдан шакллантирилган маблағлар ҳисобидан тўланиши белгиланганлиги, маҳаллий бюджетда маблағ етарли бўлмаганлиги сабабли чорак якуни билан даромадлар режасидан орттириб бажарилган қисми ҳисобидан тўлаб берилиши маълум қилинган.
Мажбурий ижро бюросининг
Сирдарё вилоят бошқармаси