Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Компания 23 йўналишда хизмат кўрсатади
10:32 / 2025-08-14

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги “Нуробод” маҳалласида “Маҳалла сервис компанияси”нинг замонавий янги биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан компания 12 турдаги замонавий техник жиҳозлар, махсус воситалар ва икки дона кабинали электр мотороллер билан таъминланди.

Тантанали маросимда Ширин шаҳар ҳокими Ниёз Ҳазратқулов, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов, маҳалла фаоллари, нуронийлар, “Маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбирда лойиҳанинг маҳаллада ободонлаштириш ва тозалик ишларини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли турмуш сифатини ошириш, фуқароларни ўз яшаш муҳитини асраб-авайлашга жалб этишдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Компания ҳудудда чиқиндиларни ташиш, кўкаламзорлаштириш, майдонларни ободонлаштириш, уй-жойларни жорий таъмирлаш каби жами 23 йўналишда хизмат кўрсатади. Лойиҳа маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш, инфратузилмани яхшилаш ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳам ҳисса қўшади.

Маросим якунида нуронийлар дуо қилиб, давлат раҳбари томонидан аҳоли учун яратилаётган имконият ва шароитлар учун ўз минатдорликларини изҳор этдилар. Шунингдек, янги сервис компаниясининг маҳалла равнақи йўлида самарали хизмат қилиши учун тилак билдиришди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири