Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида видеоконференцалоқа режимида ташкил этилган навбатдаги ўқув-семинари маъмурий судларда коммунал хизматлар – газ таъминоти, электр энергияси ва ичимлик суви соҳасида юзага келаётган низоларни кўриб чиқишга бағишланди.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьялари Г.Байназарова ва А.Иматов соҳада учраётган муаммолар, айниқса, ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини аниқлаш, қайта ҳисоблаш масалалари, шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, таъминотни ноқонуний узиб қўйиш ҳолатлари ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ ҳолатларни атрофлича муҳокама қилди.

Бу борадаги низолар сонининг ортиб бораётгани соҳада тизимли таҳлилларни талаб этмоқда. Хусусан, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг қарор ва ҳаракатлари қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериш, истеъмолчиларга етказилган зарарни аниқлаш ва адолатли ҳал этиш, ҳисоблаш ускуналари ҳолати ва далиллар мақбуллигини текшириш, қонунчиликда белгиланган тартиб-таомилларга риоя этилганини ўрганиш каби масалалар алоҳида аҳамият касб этади.

Семинарда суд амалиётида учраётган турли талқинлар ва низоли вазиятлар юзасидан фикр алмашилиб, ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш зарурлиги таъкидланди. Зеро, коммунал хизматлар аҳоли ҳаётининг ажралмас қисми ва ижтимоий барқарорликнинг асосий омилларидан бири эканини ҳисобга олган ҳолда, бу йўналишда қонунийликни таъминлашда прокуратура органлари ҳам муҳим ўрин тутади.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан бир қатор амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.