Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коммунал хизматлар сифатини ошириш бўйича самарали тизим жорий этилмоқда
17:11 / 2020-12-02

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан “Ҳудудларда ташкил этилган Ягона ҳисоб-китоб марказлари ҳамда Таъмирлаш-тиклаш хизматлари фаолиятида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида брифинг ўтказилди.

Унда вазирлик мутахассислари томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда республикамиз бўйича кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва бошқарув сервис компанияларни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Уйларнинг техник ҳолатини яхшилаш, туташ ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2017-2019 йилларда "Таъмирлаш-тиклаш хизмати" давлат унитар корхоналари томонидан 375 миллиард сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди. Жорий йилда ҳам аҳолидан тушган мурожаатлар ўрганиб чиқилди ва таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 800 дан ортиқ мурожаатларнинг 70 фоизини аҳолига сервис хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилмагани сабабли турли эътирозларни келтириб чиқармоқда. Мазкур муаммоларга барҳам бериш ва вазиятга ечим топиш мақсадида вазирлик томонидан жорий йилдан бошлаб “Тез коммунал хизмат” сервислари томонидан “1184” қисқа рақами орқали диспетчерлик хизматлари йўлга қўйилди. Бугунги кунда кўп квартирали уйлар ва алоҳида хонадонларда яшаётган аҳолига “Тез коммунал хизмат” сервислари томонидан 40 дан ортиқ турдаги сервис хизматларни кўрсатиш тизими йўлга қўйилган.

Брифингда мутахассислар томонидан “Ягона ҳисоб-китоб маркази” давлат унитар корхоналари фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур ташкилотларнинг асосий вазифалари хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига шартнома асосида бухгалтерлик ҳисобини юритиш, консалтинг хизматлар кўрсатиш ва хусусий уй-жой мулкдорларидан мажбурий бадаллар йиғиш хизматларини кўрсатиш белгиланган.

– Амалга оширилаётган ишлар натижасида уй-жой мулкдорлари томонидан тўланган молиявий маблағлар оқимини жамоатчилик томонидан объектив назорат қилиш имконияти яратилди, – дейди “Ягона ҳисоб-китоб маркази” ДУК фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи Умаржон Мамарозиқов. – Турар ва нотурар хоналарнинг кадастр ҳисобини юритиш бўйича давлат кадастри билан ўзаро ҳамкорлик ҳам ташкиллаштирилган. Шунингдек, тўловларни Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган ҳисоб-китоблар тизимлари орқали онлайн тарзда амалга ошириш йўлга қўйилди.

Таъкидланганидек, уй-жой мулкдорлари ширкатларга бухгалтерлик ва консалтинг хизматларини кўрсатадиган “Ягона ҳисоб-китоб маркази” ДУКларнинг ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, уларнинг фаолиятини барча кўп квартирали уйларни бошқариш органларига татбиқ этилади. Ўз ўрнида бу кўп квартирали уйларни бошқаришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг молиявий фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Брифингда соҳага оид аҳолидан тушаётган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА