Навоий вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасида “Вилоятда аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда соҳани ривожлантиришда янги дастурларнинг жорий этилиши” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Бугунги кунда вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси тасарруфида вилоят “Иссиқлик манбаи”, “Таъмирлаш-тиклаш хизмати”, “Ягона ҳисоб-китоб маркази” ДУК ва уларнинг шаҳар, туман филиаллари, ҳудудларда фаолият юритиб келаётган 31 та Бошқарув сервис компаниялари ҳамда 33 та уй-жой мулкдорлари ширкати фаолият юритмоқда.
Таъкидланганидек, “Навоий кон металлургия комбинати” АЖнинг 1 миллиард 567,1 миллион сўм иқтисод қилинган маблағи ҳисобидан 16 та, 500 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 9 та кўп қаватли уйлар фасад қисмини замонавий таъмирлаш ва маънавий-маърифий расмлар чизиш ишлари якунланган. Шунингдек, Кармана туманида 5 та, Қизилтепа, Конимех ва Учқудуқ туманларида 2 тадан кўп қаватли уй-жойлар фасад қисмида граффит санъати усулида расм чизиш ишлари амалга оширилди.
– “Обод маҳалла” дастури доирасида вилоятда 626 миллион сўмлик жами 18 та кўп қаватли уйни таъмирлаш белгиланган, – дейди бошқарма бошлиғи Нуриддин Жуманиёзов. – Жумладан, 3 та уйнинг 1,2 минг метр квадрат том қисми, 42 та кириш йўлаклари, 6 та уйнинг фасад қисмини таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, амалда 30 та кириш йўлаклари ҳамда 5 та уйнинг фасад қисмида таъмирлаш ишлари якунланди. Бундан ташқари, вилоятнинг шаҳар, туманларида фаолият олиб бораётган уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўрнида Бошқарув сервис компаниялари ташкил этиш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда Навоий ва Зарафшон шаҳарларида 11 тадан, Учқудуқ туманида 5 та, Кармана туманида 2 та, Конимех ва Қизилтепа туманларида 1 тадан Бошқарув сервис компаниялари ташкил этилди ҳамда уларга 1332 та кўп квартирали уйлар бириктириб берилди. Вилоятдаги мавжуд кўп квартирали уй-жойлар тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ “Менинг уйим” биллинг дастури билан қамраб олинган бўлиб, уй-жойни сақлаш учун йиғиладиган мажбурий бадал маблағлари ҳисоби тўлиқ биллинг дастури орқали юритиб келинмоқда.
Матбуот анжуманида жорий йилда режалаштирилган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Жумладан, йил якунига қадар 37 та уйнинг 14,8 минг метр квадрат том қисми, 84 та кириш йўлаклари, 123 та электр тақсимловчи ускунаси, 92 та уйнинг ертўла ва 60 та уйнинг ички қисмидаги муҳандислик тармоқлари, 54 та уйнинг фасад қисмини таъмирлаш, 154 та темир эшиклар ўрнатиш режалаштирилган.
Кўп қаватли уйларнинг туташ ҳудудларини ободонлаштириш мақсадида 11 та болалар майдончасини қуриш ва таъмирлаш, 10 минг метр квадрат уй олди йўлакларни таъмирлаш, 58 дона ташқи ёритиш мосламаларини ўрнатиш ҳамда кўп квартирали уйлардаги 35 дона лифт ускуналарини алмаштириш белгиланган. Шунингдек, “Навоий кон металлургия комбинати” АЖнинг 35,2 миллиард сўм маблағи ҳисобидан Навоий шаҳридаги 161 та кўп қаватли уйларни таъмирлаш ҳамда авария ҳолатида бўлган 1 та уйни реконструкция қилиш режалаштирилган.
[gallery-7384]
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА