Жиззах вилоятида аҳолига коммунал хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларга тегишли махсус транспорт воситалари куз-қиш мавсуми олдидан техник кўрикдан ўтказилмоқда.
Ҳар қандай транспорт воситасининг созлиги – бу хавфсиз ҳаракат ва тинчлик кафолатидир. Айниқса, совуқ мавсумларда аҳолига хизмат кўрсатадиган автотехника тўлиқ тайёр ҳолатда бўлиши зарур.

Жиззах вилояти ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамияти ҳамда Ҳудудгаз бошқармасида вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси масъул ходимлари ҳайдовчилар билан учрашиб, куз-қиш шароитида ҳаракатланиш қоидалари, техник жиҳатдан тайёргарлик, чарчоқ ҳолатда транспорт бошқармаслик ва йўлларда оралиқ масофани сақлаш каби масалалар бўйича тушунчалар бердилар.

Шу куни ЙҲХБ техника назорати бўлими ходимлари ушбу корхоналардаги махсус транспорт воситаларини батафсил кўрикдан ўтказдилар. Унда ойна тозалагичлар, ёритиш чироқлари, двигатель ва шиналарнинг ҳолати текширилди. Ҳайдовчиларга эса ҳар куни йўлга чиқишдан олдин автомашинани кўздан кечириш ва белгиланган қоидаларга қатъий риоя этиш зарурлиги эслатиб ўтилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати барча ҳайдовчиларни ўз транспорт воситаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаб, уларнинг техник ҳолатини яна бир бор кўздан кечиришга чорлайди.
Сабоҳат Давлатова,
Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ
Ахборот гуруҳи инспектори