Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коммунал тўловларни суд орқали ундиришда қулайликлар яратилади
15:36 / 2024-07-24

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коммунал тўловларни суд орқали ундиришда қулайликлар яратишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Қонун билан Фуқаролик процессуал кодекси ва «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Унга кўра, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ўзлари томонидан аҳолига кўрсатилган хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги ариза билан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилиниши ҳамда судларга суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишда аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Мажлисда қонун аҳолининг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш ва одил судловни таъминлашга қаратилганлиги қайд этилиб, ушбу қонунни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқиш учун киритиш белгиланди.

Шу билан бирга, мажлисда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида инвестицияларни жалб қилиш ҳамда экспортни кўпайтиришга оид вазифаларнинг бажарилиши юзасидан амалга оширилган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

Хусусан, бу борада қатор ишлар амалга оширилган бўлиб, ҳудудларда мевали боғ ҳамда янги токзорлар барпо этилган ҳамда яроқсиз 12,8 минг гектар боғ ва 12,2 минг гектар токзор реконструкция қилинган.

Маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 2023 йил ҳосили учун мева-сабзавотчиликка 322 миллиард сўм йўналтирилган.

Мажлисда амалга оширилаётган ишлар билан бирга соҳадаги мавжуд масалаларга ҳам эътибор қаратилди.  

Бундан ташқари, мажлисда Андижон, Жиззах, Наманган ва Хоразм вилоятларида иқтисодий ўсишни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилган ишлар ҳам сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Унда ҳудудларда иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, маҳаллий саноатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли натижаларга эришилгани қайд этилди.

Иқтисодий фаолликнинг ошиши натижасида жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига фаолият юритаётган кичик тадбиркорлик субъектлари сони Андижон вилоятида 23,8 мингтани, Жиззах вилоятида 15,8 мингтани, Наманган вилоятида 22,4 мингтани ва Хоразм вилоятида 22,8 мингтани ташкил этган.

Ушбу кичик тадбиркорлик субъектларнинг Ялпи ҳудудий маҳсулотдаги энг юқори улуши Жиззах вилоятида 65,6 фоизи, Наманган вилоятида 64,4 фоизи ва Хоразм вилоятида 63 фоизи ҳиссасига тўғри келган.

Янги иш ўринларини яратиш ва бандликни таъминлаш орқали аҳолининг турмуш даражасини ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижросига «маҳаллабай» ишлаш тизими асосида ёндашилганлиги ўз самарасини берган.

Ҳудудий бандлик дастури доирасида доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларининг барчасини ҳисобга олганда жами 251 минг аҳолининг бандлиги таъминланган.

Мажлис давомида Андижон, Жиззах, Наманган ва Хоразм вилоятларининг масъул раҳбарлари ахбороти эшитилди ва ҳудудларда тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.

Н.Абдураимова, ЎзА