Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вакиллари, Сурхондарё вилоят бошқармаси мутасаддилари, марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дастлаб, иштирокчиларга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вилоят бошқармасининг вазифалари, коммунал хизматдаги ўзгаришлар, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ижроси юзасидан маълумот берилди.
Айтиш жоиз, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли тураржой фондини 2021-2022 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-4639]
Тадбирда ҳозирги кунда барча вилоятларда давлатимиз томонидан коммунал соҳада белгиланган вазифалар ижроси ва аниқланган муаммолар бўйича таклиф киритиб бориш мониторингини юритиш учун штаблар ташкил этилиб, соҳага алоқадор корхона ва ташкилотларнинг масъул ходимлари бириктирилгани таъкидланди. Шунингдек, ҳудудларнинг йўл инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш ва шу асосида аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга эътибор қаратилаётгани хусусида сўз юритилди.
–Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вилоят бошқармаси балансида 51 та ширкат, 13 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда, - дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ботирали Тўрақулов. – Вилоятда 1485 та кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлиб, бугунги кунда ушбу уйларнинг том қисмини капитал ва жорий таъмирлаш, кириш йўлакларини, уйнинг фасад қисмини ҳамда уйнинг ички муҳандислик тармоқлари ва коммуникацияларини таъмирлаш ишлари учун 2017 йилдан буён 86 миллиард сўмлик маблағ сарфланган. Бундан ташқари 2021 йилда “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 46 та кўп қаватли уй-жойни таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Матбуот анжуманида соҳа вакиллари журналистларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА