English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўмир таъминотида узилиш бўлмайди
12:12 / 2021-11-22

Куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси, кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим вазифа саналади. Фарғона вилоятида ҳам мавсумга пухта тайёргарлик кўрилди.

“Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти Фарғона филиали томонидан 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсуми учун аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа ташкилотларига кўмир етказиб бериш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Айни пайтда филиалга қарашли 8 та – Бешариқ, Фурқат, Қақир, Бувайда, Бағдод, Олтиариқ, Марғилон ва Қува кўмир омборлари орқали кўмир ва брикет маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

–Бу мавсум учун вилоят аҳолисига 186 минг тонна кўмир ва брикет маҳсулоти етказиб берилиши режалаштирилган, – дейди “Кўмир таъминот” МЧЖ Фарғона филиали мутахассиси Зуҳриддин Тўрақулов. –Унинг 115 минг тоннаси Ангрен кўмир маҳсулоти бўлса, 71 минг тоннаси четдан олиб келинади.

Ҳозирги кунга қадар Ангрендан 85 минг тонна, хориждан 74 минг тонна кўмир маҳсулоти олиб келинишига эришилди. Вилоятдаги ижтимоий соҳа объектларига 68 минг 562 тонна маҳсулот етказиб берилиб, халқ таълими, мактабгача таълим, касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасалари белгиланган режа асосида тўлиқ таъминланди.

Айни жараёнда “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамиятининг Фарғона филиали мутасаддилари томонидан вилоятнинг чегара ва тоғли ҳудудлари таъминоти учун алоҳида захира яратилди. Вилоятнинг анклав ҳудудида жойлашган Сўх тумани, Фарғона туманининг Шоҳимардон ва Ёрдон, Риштон туманига қарашли Чўнғара қишлоқларига кўмирни ўз вақтида етказиб бериш мақсадида махсус автотранспорт корхоналари билан шартнома имзоланган. Бу ҳудудларга кўмир етказиб беришнинг транспорт харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Ҳозирги кунга қадар вилоятнинг анклав ҳудудларига 3 минг тоннадан ортиқ кўмир етказиб берилди.

2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумида вилоятдаги ижтимоий соҳа муассасаларини узлуксиз равишда кўмир билан таъминлаш учун ҳар бир соҳа кесмимида талаб ва эҳтиёж алоҳида ўрганиб чиқилди. Натижада маҳсулот етказиб бериш учун янги шартномалар имзоланиб, 17,9 минг тонна қўшимча захира яратилди. Мавсум давомида қўшимча буюртма асосида таълим, тиббиёт, маданият ва спорт муассасаларига маҳсулот етказиб берилиши мумкин.

Белгиланган режа-жадвали бўйича вилоятдаги ҳар бир маҳалла эҳтиёжидан келиб чиқиб кўмирнинг килоси имтиёзли нархда – 300 сўмдан етказиб берилмоқда.

М. Сулаймонов, ЎзА