Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўмир таъминотида муаммо бўлмайди
14:18 / 2020-12-24

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги ва “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан Жиззах вилояти аҳолиси ҳамда ижтимоий соҳа объектларига қиш мавсумида энергия ресурсларини етказиб бериш билан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил қилинди.

Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар қатнашган пресс-тур давомида Энергетика вазирлиги ва “Ўзбеккўмир” АЖ ходимлари журналистларга аҳолини кўмир билан таъминлашда қилинаётган ишлар юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, Энергетика вазирлиги ҳузурида ҳудудларда аҳоли ва саноат короналарини 2020/2021 йилларда куз-қиш мавсумида электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш ишларини сифатли амалга ошириш мақсадида махсус штаб ташкил қилинган.

Қиш мавсуми одатдан ташқари барвақт бошлангани ва кунлар кескин совуб кетиши оқибатида кўмир маҳсулотига бўлган талаб кучайиб кетиши ҳисобга олиниб, ҳукумат томонидан “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятига аҳоли эҳтиёжлари учун яна қўшимча кўмир етказиб бериш вазифаси юкланди. 

Жиззах вилоятида аҳоли ва ижтимоий ташкилотларни кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамиятининг ҳудудий филиалларига қарашли мавжуд 6 та омбор орқали амалга оширилмоқда.

[gallery-568]

 – Вилоятда 29 минг 113 тонна кўмир ва кўмир маҳсулотларига талаб мавжуд, – дейди “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Жиззах филиали раҳбари Мирза Хуррамов. – Шунинг 15 минг 484,1 тоннаси ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжларини ташкил этиб, бугунги кунда ушбу белгиланган режа 101 фоизга бажарилган ва мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, поликлиникалар ва бошқа муассасалар қаттиқ ёқилғи билан таъминланган.

Вилоят аҳолисининг кўмирга бўлган эҳтиёжи 13 минг 629 тонна бўлиб, бугунги кунда “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан “Кўмир таъминот” МЧЖ вилоят филиалига қарашли омборларига етказиб берилган кўмир ҳажми 14 минг 177 тоннадан ортди ва бу маҳсулотнинг 12 минг 17 тоннаси аҳоли томонидан сотиб олинган. Омборларда 2 минг 100 тонна кўмир захираси мавжуд.
Журналистлар “Кўмир таъминот”нинг Зарбдор туманидаги омбори фаолияти билан танишдилар. Омборда сақланаётган кўмир сифати ҳақида истеъмолчиларнинг фикрлари билан қизиқишди. 

– Қишлоғимиз газлаштирилмаган, – дейди тумандаги Адиробод маҳалласида яшовчи Абдумажид Ҳазратқулов. – Давлатимизга раҳмат, кейинги йилларда аҳолини кўмир билан таъминлашга катта эътибор бераётгани туфайли қишда қийналмаяпмиз. Оиламиз катта, 3-4 тонна кўмир ишлатамиз. Туманимизга етарли миқдорда кўмир келтираётган туфайли муаммо туғилгани йўқ. Маҳсулотнинг сифати ҳам яхши. 
Тадбир иштирокчилари тумандаги кўмир билан иситиладиган 16-ўрта умумтаълим мактаби ва 9-сон мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, бу иншоотларнинг иситилиши билин қизиқишди. 

– Муассасамизда 125 нафар бола тарбияланаётир, – дейди 9-сон мактабгача таълим муассасасининг мудираси Дилором Бекмирзаева. – Эҳтиёжи учун 10 тонна кўмир ва 10 тонна кўмир брикети олганмиз. Ёқилғининг сифати яхши. Хоналаримизда 20-22 даражали ҳарорат сақланиб турибди. Қишни қийналмай ўтказамиз деб турибмиз. 

Пресс-тур иштирокчилари “Кўмир таъминот”нинг Жиззах шаҳридаги омборида ҳам бўлишди. 

“Кўмир таъминот” ташкилоти мутасаддилари журналистлар саволларига жавоб берар экан, вилоятнинг чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган қишлоқлар аҳолиси учун қўшимча қулайликлар яратилганлигини маълум қилишди. Жумладан, Зомин туманидаги Қизилой, Янгиобод туманидаги Хўжа Мушкент қишлоғи, Бахмал туманидаги Сангзор, Дўсмат, Новка қишлоқларида кўмир савдоси ярмаркалари ташкил этилди. Дўстлик туманидаги Наврўз маҳалласида яшовчи кам таъминланган ва “Темир дафтар”да турувчи фуқароларга кўмир маҳсулотлари уйларига олиб бориб берилган.

Пресс-тур иштирокчилари қиш мавсумида аҳолини ва ижтимоий муассасаларни кўмир билан таъминлашда қилинаётган ишлар ҳақида етарли маълумот олишди. 

 


Т. БЕКНАЗАРОВ,
Ж. ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА