Комил инсонларнинг эзгу амаллари барча офатга барҳам беради
Табиат – тилсим. Турфа ҳодисалар, тасодифларга тўла, табиий офатлар, ихтиролар, сўнг улар қаршисида ўзимизнинг ҳам ожизлигимиз...
Табиат – тилсим. Турфа ҳодисалар, тасодифларга тўла, табиий офатлар, ихтиролар, сўнг улар қаршисида ўзимизнинг ҳам ожизлигимиз... Тамаддун оша фикримизга минглаб мисоллар топилади.
Бугун тождор вирус дунёга хавф солмоқда. Инсоният бу кўринмас зарра олдида ҳозирча ожиз турибди. Хиросима ёки Нагасаки, Чернобиль ёки Фукусима фожиалари дунёнинг бир бурчагида юз берган даҳшат эканини шу вирус офати кўрсатди. Бомба портласа, талофатини бир давлатнинг ўзи бартараф этар, аммо тождор вирус даҳшатини йўққа чиқариш дунё аҳлини бирлаштирмоқда. Ҳамма бирдек курашяпти, демак чора топилади.
Инсоният бундай глобал муаммо олдида турли муаммоларга дуч келиши табиий, албатта. Шундагина янги ихтиролар яратилади, ҳодисадан хулоса чиқаришга киришилади. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши олдидан жиддий ирқчилик муаммосига дуч келинган эди. “Миллий” тушунчалар кўпайиб, сўнг қирғинлар бўлди... Бу бало ҳам ҳам ўтиб кетди-ку.
Ҳа, бир-неча ойки тождор вирус инсониятга қарши уруш очди. Шундай шароитда давлатлар ва фуқаролар олдида жиддий тадбирлар турибди.
Бугун дунё ахборот воситалари инсониятни бир макон атрофида бирлаштиришга чоғланган. Демакки, кечагина “оммавий маданият”, дейилган тушунчаларга алоҳида бир давлат миқёсида эмас, умумжаҳон миқёсида ечим қидиришимиз керак. Бир мақсад йўлидаги жаҳон маданияти дунёга келиши керакга ўхшайди. Бу қандай бўлиши тожли вирус “гипнози”дан кейин кенг муҳокамага чиқадиган мавзулардан бири бўлиши мумкин.
Ҳозирча дунё халқлари уйда қолмоқда. Тожли вирусни енгиш энди ҳаммамизга боғлиқ. Шу ўринда одамлар қалбида, аввало, эзгулик, умид бўлишини истардик. Зеро, Форобий талқинида айтсак, комил инсонларнинг эзгу амаллари барча офатга барҳам беради.
Маҳмуд Йўлдошев,
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари
ҳарбий академияси ўқитувчиси,
психология фанлари номзоди.