Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Комил инсон тимсоли
09:12 / 2022-05-05

Маълумки, жаҳон адабиёти тарихида нодир ҳодиса ҳисобланган хамсанавислик анъанаси тадқиқотчилар эътиборидан четда қолган эмас.  Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий достонлари алоҳида-алоҳида ҳолда ҳам, қиёсий-типологик йўналишда ҳам ўрганилиб, анъана ва навбунёдкорлик масаласининг турли қирралари ёритилган.

Аммо бу улуғ ижодкорларнинг асарлари Шарқ шеърияти, фалсафий-бадиий тафаккурининг битмас-туганмас хазинаси бўлиб, улардаги теран маъноларни кашф этиш, юксак бадиият ва ибратли ғояларини таҳлил этиб, янги-янги илмий муаммоларни тадқиқ қилиш чексиз давом этадиган бир жараёндир. Алалхусус, истибдод тузуми мафкурасидан қутулганимиз ва муборак истиқлолга эришганимиз туфайли тарихимиз маънавий қадриятларимизга бўлган муносабат ўзгарди, буюк боболаримиз излаган, сиғинган ва эътиқод қилган ҳақиқатларни рўйи-рост айтиш имкониятига эга бўлдик.

Туркий адабиётнинг нурли чўққиси ҳисобланган Алишер Навоийнинг дунёқараши, ғоялар оламига чуқурроқ кириб бориш, унинг инсон зоти хилқати ҳақидаги ҳикматона фикрлари, бадиий талқинларини кўздан кечириш муҳим аҳамият касб этади. Аммо бутун ижодида инсон қалби, инсон камолотини куйлаб келган, инсонни унинг ўзи банд бўлган нуқсонлар кишанидан озод этиш учун курашган инсонпарварликнинг бутун бир концепциясини яратган Навоийнинг дунёқараши бўш бир жойда вужудга келган эмас. Навоий ижодида Шарқ адабиётининг энг илғор анъаналари, ғоялари мужассамлангани каби, инсон ҳақидаги қарашларида ҳам ўз салафлари асаридан ижодий таъсирланиш бор. 

Алишер Навоий ижодида инсон концепциясини ўрганишга киришар эканмиз, унинг салафлари ижодини ҳам тадқиқотга жалб этиш ва бу ишни «Маҳзан-ул асрор», «Матлаъ-ул анвор», «Туҳфат-ул аҳрор» ҳамда «Ҳайрат-ул аброр» достонларининг қиёсий таҳлили орқали амалга оширган маъқул. Чунки биринчидан, мазкур достонларда улуғ шоирларнинг инсон зоти ҳақидаги фикрлари ёрқин акс этган. Иккинчидан, бу асарларда инсон турли томондан олиб қаралади, яъни инсон ҳам илоҳий хилқат, ҳам мураккаб табиий мавжудот ва ҳам ижтимоий ҳодиса сифатида бадиий таҳлил қилинади. Инсон руҳи, инсон вужуди, инсон кўнгли, инсон ақли каби фалсафий тушунчалар айнан шу асарларда муҳокамага олинган. Учинчидан, инсон камолоти масаласи комил инсон фазилатлари ва бунинг исломий-тасаввуфий тарафини ҳам шу ерда кўрамиз. Шу билан бирга, инсонни кишанбанд қилган нуқсонлар ва улардан қутулиш йўллари баён этилган.

Тарихдан маълумки, башарият мутафаккирлари қадим-қадимдан одам ҳақида ўйга толиб, уни ўрганиб муҳим хулосаларни баён этганлар. Инсон қалбига эзгулик уруғини экиш, оқил ва фозил кишиларни тарбиялаш жамиятларнинг долзарб масаласи бўлиб келган. Шу каби исломнинг ҳам инсон ҳақидаги ўз қарашлари борки, бу қарашларнинг манбаи Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлардир. Хамсанавислар инсонга таъриф берганда, аввало ана шу исломий сарчашмаларга таянадилар. 

“Ҳайрат-ул аброр” да инсон таърифида дейилади:

       “Каррамно” – келди маноқиб анга,

       “Ахсани тақвим” – муносиб анга.

“Каррамно” сўзи “Валақад” каррамнамо бани Одама (Одам авлодини мукаррам қилиб яратдик) оятига ишора бўлса, “ахсани тақвим” “лақад ҳалақнал инсона фи ахсани тақвим” (Инсонни гўзал суратда яратдик) оятига ишорадир. Инсон Худонинг Ердаги халифаси, мавжудотнинг гултожи инсон қалби Тангри таоло муҳаббатининг хазинаси. Тангрининг дунёни яратишдан мақсади ҳам инсон эди, деган улуғ инсонпарварлик ғоя асарда куйланган. 

Исломий манбаларда инсон камолотига ҳам эътибор катта. Аммо комил нисон сўфиёна адабиётнинг асосий қаҳрамонига айланган эди. Жумладан, “Хамса” сўфиёна ғояларни ифодалаган асар бўлиб, уларда инсон талқини шу нуқтаи назардан ёритилади. Айниқса, Амир Хусрав ва Навоийда бу майл аниқ сезилади. Уларда комил инсон шариат ва тариқатга бирдай риоя этувчи дунёвий ва илоҳий илмларни мукаммал эгаллаган пуркаромат ориф киши сифатида кўрсатилади.

Инсоннинг камолоти унинг ўз-ўзини англаши инсон руҳининг покланиши, ўз асли Мутлақият томон интилиши билан амалга оширилади. Амир Хусрав ёзади:

                Эй зи гавҳари пок омада,

                Гавҳари ту зевари хок омада.

                (Эй азалдан гавҳари пок бўлган инсон, 

                Сенинг гавҳаринг тупроқнинг зийнати бўлди).

Яъни азалдан пок яратилган инсон руҳи яна моддийликдан покланиб, камол топиши керак. Аммо бу умумий сўфиёна ғоя ҳар бир шоирда конкрет йўсинда турлича ифодаланган. Низомийда моддийлик ва руҳонийлик орасидаги зиддиятларни кўрсатишга эътироф қилинса, Амир Хусравда инсоннинг улуғворлиги таъкидланиб, шунга муносиб бўлиш уқтирилган. Жомий ва Навоийда эса ўз-ўзини таниб, қалбдаги илоҳий хазинани кашф этишга даъват асосий ўринни эгаллайди.

Хамсанавис шоирлар комил инсоннинг энг ёрқин намунаси ҳазрати Пайғамбаримизни тилга оладилар. Шу боис пайғамбарга бағишланган қатор наътларда унинг муборак сиймоси тасвирланади. Амир Хусравда ҳам, Навоийда ҳам Пайғамбарнинг исломни жорий этиш йўлидаги фаолиятига тўхталган бўлиб, нури Муҳаммадия тушунчаси батафсил ёритилган. Яъни Парвардигор аввал Муҳаммад нурини яратиб, сўнгра олам ва одамни яратди. Пайғамбар сиймосида жисмоний ва руҳий асос, илоҳий ва инсоний қудрат, Тангрининг жамолу камоли тўлиқ акс этган. Айниқса, меърожномаларда шоирларнинг қайноқ муҳаббати, санъаткорлиги равшан намоён бўлган. Зеро, Меърож сўфийнинг илоҳ васлига интилиш фано ва бақо ҳолатларига ўхшашдир. Алишер Навоийда меърож кечаси ажойиб ҳаяжонли, бахтли кеча сифатида тасвирланади. Пайғамбарнинг беором бўлиши, жони ичига сиғмай қувониши жонли манзараларда кўрсатилади:

                Чунки наби муждаи жонон топиб,

                Муждаи жонон чу топиб, жон топиб.

Бу тасвир маъшуқа васлига етган ошиқ ҳолатини эслатади. Пайғамбарнинг замон ва маконни унутиб, беҳудлик ҳолатида Тангри ҳузурида туриши ҳам сўфиёна достонлардаги тасвирларга яқиндир.

Ҳамд ва наътлар достонларнинг таркибий ажралмас қисми, ўзига хос тил, услуб ва поэтик тасвир тарзига эга қисмлардир. Бу боблар гарчи анъанавий бўлса-да, лекин уларсиз шоирлар дунёқарашини тўлиқ тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабаб биз мазкур достонларнинг барча бобларини яхлит ҳолда олиб қарашни маъқул ва мақбул йўл деб ҳисоблаймиз. Достонлардаги йигирмата мақолот мазмуни ҳамд ва наътларнинг мазмунидан ўсиб чиқади. Бошқача айтганда, агар бир достонни бир иморат деб билсак, ҳамд ва наътлар унинг пойдеворидир. Чунки шоирлар назарида дунё муайян мунтазамликка эга. Аввал Тангри, кейин у яратган олам, олам сарвари пайғамбар, сўнгра қолган инсонлар.

Инсон камолоти ана шундай даража ва мартабалар ичида олиб қаралади ва бу нарса кўнгил тимсоли тасвирида ёрқинроқ кўзга ташланади.  Кўнгил – инсонийлик моҳияти, яъни Тангридан ажралиб, инсон вужудига кирган ва яна Тангри сари талпинувчи руҳ. Шунинг учун Кўнгил илоҳ хазинаси. Инсон кўнгилни таниб ўзини танийди. Низомийда Кўнгил маърифат макони, вужуд султони. Аммо Амир Хусрав бунга аниқ сўфиёна тус бериб, сўфийнинг хилватдаги ҳолатларини тасвирлайди. Навоийда бўлса, Кўнгилнинг оламдан вужуд оламига келиб, Аллоҳ қудратидан ҳайратланишлари тасвирланади. Шу ўринда достонларнинг номланиш сабаби ҳам маълум бўлади, яъни “Матлаъ-ул анвор” деганда, Кўнгил илоҳий нур порлайдиган жой эканлиги “Ҳайрат-ул аброр” деганда, сафардаги солик кўнглининг ҳайратини англашимиз керак.

Қиёсий таҳлил шуни кўрсатадики, Амир Хусрав, Навоий асарларида тасаввуф ғоялари кенг ўрин эгаллайди. Хусрав билан Навоий сўфий ахлоқи ҳақида қатор фикрлар баён этишдан ташқари, Низомиддин Авлиё ва Баҳоуддин Нақшбанд сиймоларини чизганлар ва валий инсон қандай бўлишини кўрсатганлар. Булар эзгулик тимсоли, комилликка эришган зотлар. Аммо Алишер Навоий ўзининг бевосита устози, пири Жомийни ҳам шундай зотлар қаторига қўйиб таърифлайди, уни реал ҳаётий комил инсон деб билади. Амир Хусрав ва Алишер Навоий ҳаётга муносабатда ҳам тасаввуф таълимотидан келиб чиқадилар. Чин сўфийнинг ахлоқи – намуна. Одамлар ундан ибрат олиши керак. Инсоний нуқсон ва камчиликлар кишиларни илоҳдан ва одамийликдан узоқлаштиради. Киши қанча илоҳга яқин бўлса, у шунча инсонийдир, шунча буюкдир.

Шунинг учун достонларнинг “мақолот”ларида тасвирланган ҳикоятлар, вафо ва садоқат, карам ва саховат, илм ва қаноат, ростлик ва муҳаббат ҳақидаги ғоялар ҳам комил инсон муаммоси билан боғлиқдир. Бу бобларда шоирларнинг ҳаётий кузатишлари, ҳар бир даврнинг ўз даври аниқроқ кўзга ташланса-да, инсон ва ижтимоий муҳит масаласи кўтарилса-да, бироқ инсонга ва унинг ахлоқий камолотига баҳо бериш исломий-тасаввуфий руҳда давом этган. Чунки комил инсон бир идеал, лекин унинг сифатлари, фазилатлари эса конкретдир.

Агар кузатишларимизни қисқача якунламоқчи бўлсак, қуйидаги хулосалар келиб чиқади: Низомийдан бошланган хамсачилик анъанаси кейинги асрларда давом этган достонларнинг тузилиши, оҳанг ва услубда ҳам, ғоявий мундарижада ҳам ўхшаш умумийлик мавжуд. Жумладан, инсон талқинида ҳам ўхшаш жиҳатлар анча.

Умуман, Навоий бу асарида Амир Хусравга кўпроқ яқин туради. Буни ҳар икки шоирда танқидий руҳнинг устунлиги, пир ва устозларга ҳурматнинг баландлиги, Пайғамбар сиймоси тасвирининг романтик бўёқларда чиқишида кўрамиз.

Аммо Навоийда ижтимоий қарашлар устун. Навоий инсонга биринчи навбатда ҳаётдаги кирдикорларига қараб баҳо беради. Инсон жамиятга келтирган фойдаси билан қадрли. Бошқаларга зиён етказадиган, жамият осойишталигини бузадиган, сийрати суратига тўғри келмайдиган кишилар чин инсон эмас. Навоий шунинг учун “Ҳайрат-ул аброр” да адолат ва зулм тушунчаларини кенг қиёслаб, одил подшо тимсолини яратади.

Алишер Навоий ва унинг салафлари яратган инсонпарварлик концепциясининг моҳияти ана шунда. Шунинг учун уларнинг асарлари ўлмасдир.

 

 Муслиҳиддин Муҳиддинов,  

Шароф Рашидов номидаги 

Самарқанд давлат университети профессори, 

филология фанлари доктори