Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Комбинат жамоаси кўкаламзорлаштириш ойлигида фаол қатнашмоқда
16:54 / 2024-03-19

Юртимизга баҳор келиши билан кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари авж олади. Чунки ободлик бор жойда барака бўлади. Зеро, теварак-атрофимиз, истиқомат қилаётган манзил-маконларимизнинг тоза ва кўркам бўлишини таъминлаш халқимизнинг азалий одатларидан. Хонадонимиз, кўчамиз, маҳалламиз ва корхонамизни обод этар эканмиз, ҳаётимиз ҳам кўркамлашиб бораверади.

Халқимизнинг юрт ободонлиги йўлида ҳашарлар ўтказиши ҳамжиҳатлик ва яратувчанлик нишонасидир. Она табиатни асраб-авайлаш, атроф-муҳит муҳофазаси ва тозалигини таъминлашга ҳисса қўшиш “Навоий кон-металлургия комбинати” акционерлик жамияти меҳнат жамоаси учун анъанага айланган. 

Айни вақтда комбинат бўлинмаларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, турли манзарали, мевали дарахтлар ва гул кўчатлари ўтқазиш ишлари жадал олиб борилмоқда. 

–- Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясига асосан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар ва туманларда экологик аҳволни яхшилаш мақсадида комбинат тизимида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилган, – дейди “НКМК” АЖ Корпоратив ижтимоий масъулиятлар бўлими етакчи муҳандиси Ғайрат Бозоров. – Мазкур лойиҳа доирасида 2024 йилнинг 12 мартидан 12 апрелигача “НКМК” АЖ ва унинг бўлинмаларида кўкаламзорлаштириш ва ободончилик ишлари бўйича “Долзарб бир ойлик” эълон қилинди. Жорий йилнинг баҳор ва куз мавсумида Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Маржонбулоқ шаҳарлари, Заркент қўрғони ва Нурота туманидаги “Пистали” кони ҳудудида, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш объектларида 370 минг дона манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ҳамда буталар экиш режалаштирилган. Кўчат ва буталарнинг 230 минг тупини ўтқазиш баҳор мавсумига тўғри келмоқда. 

Сўнгги икки ҳафтада комбинатнинг барча кон бошқармалари, Навоий машинасозлик заводи, Зарафшон қурилиш бошқармаси, Геология-қидирув экспедицияси, Тармоқлар ва нимстанциялар цехи, 3-автокорхона ва бошқа бўлинмаларида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ишлари амалга ошириляпти. Бу ишлар, айниқса, ўтган йили фойдаланишга топширилган Нурота туманидаги “Пистали” кони, 6-гидрометаллургия заводи ҳудудида намунали ташкил этилмоқда. Наврўз байрами арафасида Навоий саноат майдони бўлинмаларининг 350 нафардан ортиқ ишчи-хизматчилари юртимизда эълон қилинган хайрия ҳашарида фаол иштирок этиб, ана шу ҳудудни кўкаламзорлаштиришга катта ҳисса қўшди. 

Жорий йил кўклам мавсумида комбинат бўлинмаларида 121 минг туп, жумладан, “Пистали” кони ҳудудида чўл шароитига мос 12 минг туп дарахт кўчатлари ва буталар экилди. Муҳими, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида бу ерда “Яшил белбоғ” барпо этилмоқда. Экилган кўчатларни парваришлаш “Қизилқум” кон бошқармаси, кон ва завод раҳбариятининг назоратида бўлади. Кон ҳудудини кўкаламзорлаштиришдек хайрли ишлар давом этмоқда. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири