Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Комбинат ёшлари ҳар жабҳада фаол ва ташаббускор
15:27 / 2023-12-31

Навоий кон-металлургия комбинатида ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлилига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Ёшлар етакчилари Кенгаши раиси Санжар Ражабов  таъкидлаганидек, бугунги кунда ёшлар Қизилқум саҳросида ишлаб чиқаришнинг барча жабҳаларида меҳнат қилиб келишмоқда. Комбинатда фаолият юритаётган ходимларнинг қарийб 30 фоизини, яъни 12,5 мингдан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шундан 1400 га яқини хотин-қиздир. Уларнинг 3316 нафари олий маълумотга эга бўлиб, 12 фоизи раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб боришса, 21 фоизи турли хил тоифадаги мутахассислардир.

2017 йилда ташкил этилган Ёшлар етакчилари Кенгаши комбинатда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича 5 та йўналиш бўйича иш олиб бормоқда. Жумладан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларнинг ташаббусларини рағбатлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, етарли даражада шароит ва инфрастуруктуралар яратиш, шунингдек, ёшларнинг дунёқарашини ошириш ва ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.  

Ўтган давр мобайнида “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида комбинат бўлинмаларида спортнинг турли йўналишларида 100 дан ортиқ, ёшлар ўртасида футбол бўйича анъанавий “НКМК кубоги” турнири, “Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи” мусобақалари ташкил этилди. “Мен буюк аждодлар авлодиман” лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ва давра суҳбатлари ўтказилди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳасида эса 1300 га яқин ёш Самарқанд, Хива ва Бухоро шаҳарларига саёҳатга боришди.

“Энг яхши рационализаторлик таклифи” танлови комбинатнинг анъанавий танловларидан бири бўлиб, 3 босқичда ўтказилади. Ҳар бир босқичда ишлар сараланиб, якуний босқичда ёш мутахассислар 8 та йўналиш бўйича ўз рационализаторлик таклифлари билан иштирок этади. Ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар аниқланиб, улар базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробаридан 10 баробаргача пул мукофотлари билан рағбатлантирилади. Шунингдек, “Йилнинг энг яхши ёш мутахассиси”, “Йилнинг энг яхши моҳир касб эгаси” танловлари, “Заковат” интелектуал ўйини мунтазам ўтказилиб келинади.  

Комбинат ёшлари Юртбошимиз ташаббуси билан эълон қилинган “Яшил макон” умумиллий лойиҳасида ҳам фаол иштирок этишмоқда. Жорий йилда баҳор ва куз мавсумида комбинат бўлинмаларида ёшлар томонидан 443 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчати экилиб, парваришланмоқда. Лойиҳа доирасида “НКМК 65 ёшда”, “НМЗ 60 ёшда” боғлари ҳам барпо этилди.

Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинати нафақат ёш ишчи-ходимлар, балки ёшларни ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Жумладан, жорий йилда Томди туманида 504 ўринли ихтисослаштирилган мактаб-интернат фойдаланишга топширилган бўлса, Қизилтепа тумани “Тўдакўл” дам олиш базаси ҳудудида Халқаро шахмат мактаби барпо этилди.

Шунингдек, “Ёшлар дафтари”да турган 40 нафар шароити оғир ёшнинг 11 нафари бандлиги таъминланди, 6 нафарининг соғлиги билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди, 14 нафарига ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатилган бўлса, 9 нафарининг бошқа турдаги масалалари ижобий ечим топди.  

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ёш ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мақсадида 5275 нафар ёш республика малака ошириш институтлари ва ўқув марказларида, 7 нафар ёш ўз мутахассислиги бўйича Россия, Туркия ва бошқа давлатларда малака ошириб келишди.

Бугунги кунда 100 дан ортиқ ёш республикамизнинг турли олий таълим муассасаларида “НКМК” АЖ раҳбарияти тавсияномасига асосан таҳсил олишмоқда.  

Албатта, фаол ва ташаббускор, ўз тенгдошларига ҳар жабҳада ўрнак бўлаётган ёшлар давлат мукофотлари билан тақдирланишмоқда. Жумладан, Даврон Намозов “Мард ўғлон” давлат мукофоти, Улуғбек Қувондиқов эса “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган.

А.Бўриев, ЎзА мухбири