Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Комбинат ходимларга тиббий хизмат кўрсатиш учун 6 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратди
19:25 / 2024-08-30

«Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти Саноат хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси департаменти томонидан тизимли ишлар ташкил этилмоқда. Унга асосан департамент корхона ходимларининг меҳнатини муҳофаза қилиш, уларга меҳнат шароитини яратиш, бахтсиз ҳодисалар ва ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Комбинат «Соғлиқни муҳофаза қилиш ва хавфсиз меҳнатни таъминлаш менежменти» ISO 45001:2018 халқаро стандарт талабларига мувофиқлиги бўйича сертификатга эга. Унга асосан малакали аудиторлар таркибий бўлинмаларда меҳнат муҳофазаси бўйича ички аудитни ўтказмоқда. 

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзметкомбинат»АЖ бошқарма бошлиғи Гулмира Тошматова маълум қилди. 

Унга кўра, комбинат томонидан ходимларга муносиб меҳнат шароитини таъминлаш мақсадида 47 банддан иборат чора-тадбир белгиланган. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида ходимлар тиббий кўрикдан ўтиши ва уларга тиббий хизмат кўрсатилиши учун 2024 йилда 6 миллиард 163 миллион 750 минг сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, ишга кирган ходимлар махсус кийим, махсус пойабзал ва шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминланиб, ушбу воситалар учун 23 миллиард сўм йўналтирилган. 

– Бундан ташқари, комбинатда умумий 14 та ошхона мавжуд бўлиб, улар комбинат ходимлари учун туну кун хизмат кўрсатиб келмоқда. Корхонада раҳбар ва мутахассисларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича малака ва билими электрон тарзда синовдан ўтказилади. tb.uzbekstell.uz платформаси эса уларнинг бу борада билимини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, департамент томонидан 183 та комбинат таркибий бўлинмаси ходимлари ўз йўналиши бўйича ўқитилди. Ўқув курси жараёнида тингловчилар 20 соатлик ўқув дастури асосида меҳнат муҳофазаси бўйича билимини мустаҳкамлади, – деди Г.Тошматова. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА