“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан 2021 йилнинг биринчи чораги мобайнида қарийб 231 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Комбинат ахборот хизматидан маълум қилишларича, экспорт географияси Туркия, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Болгария, Озарбойжон, Қирғизистон, Украина, Польша, Тожикистон, Индонезия, Нидерландия, Хитой, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларни қамраб олган.
Январь-март ҳолатига кўра, 18 минг 90 тонна мис катоди экспорт қилиниб, режа 127,4 фоизга бажарилган. 500 тонна мис катанкаси ўрнига хорижлик импортёрларга 3 минг 174 тонна маҳсулот сотилган. Бундан ташқари, режа бўйича 600 тонна мис қувурларини экспорт қилиш вазифаси белгиланган бўлиб, амалда эса 1 минг 234 тонна мис қувури хорижлик истеъмолчиларга етказиб берилган.
Рух металли экспорти борасида ҳам самарали натижалар кузатилди. Хусусан, 11 минг 250 тонна рух ўрнига 13 минг 981 тонна маҳсулот экспортга йўналтирилиб, режа 124,3 фоизга бажарилган.
Мис купороси экспорти борасида ҳам рекорд натижа қайд этилганини алоҳида эътироф этиш зарур. Хусусан, импортёрларга 650 тонна мис купороси ўрнига 3 минг 592 тонна маҳсулот сотилиб, бу борадаги режа 552,6 фоизга уддаланган.
Бундай юқори натижа сульфат кислотаси экспортида ҳам кузатилмоқда. Жумладан, комбинат томонидан жорий йил биринчи чорагида 3 минг 700 тонна сульфат кислотасини экспорт қилиш режалаштирилган бўлиб, амалда 19 минг 997 тонна маҳсулот экспорт қилинган. Қўрғошин маҳсулотлари экспорти режаси ҳам 143,1 фоизга уддаланган.
Ушбу даврда белгиланган вазифани ортиғи билан бажариш ҳолати молибден экспортида ҳам кузатилди. Хусусан, 100 тонна ўрнига 184 тонна молибден экспорт қилинди. Шунингдек, рений, рух купороси, кадмий, вольфрам, палладдий каби маҳсулотлар экспортида ҳам кўзланган натижаларга эришилди. Бу борада айниқса, 29 минг 123 тонна цемент экспорти амалга оширилганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Бир сўз билан айтганда, жорий йилнинг биринчи чорагида комбинат томонидан 230 миллион 948 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, бу борада белгиланган режа 162,5 фоизга бажарилган.
А.Худойқулов, ЎзА