«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти нодир металлар ишлаб чиқариш бўйича нафақат Марказий Осиё, балки дунёдаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади.
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамасдан 2020 йилда комбинат томонидан белгиланган барча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди. Эътиборли жиҳати, жамиятнинг экспорт режаси ҳам ортиғи билан уддаланди.
Жумладан, ўтган йилда 80 минг тонна мис катоди экспорт қилиниши белгиланган бўлса, амалда Хитой ва Туркия давлатларига 93 минг 580 тонна маҳсулот сотилиб, экспорт режаси 117 фоизга бажарилди.
Йилдан-йилга талаб ортиб бораётган комбинатнинг мис қувурлари экспортида ҳам қувонарли натижа қайд этилди. Хусусан, режадаги 3 минг 800 тонна мис қувурлари ўрнига Туркия, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Болгария, Озарбойжон, Қирғизистон ва Украина давлатларига 3 минг 994 тонна мис қувури экспорт қилинган.
35 минг тонна сульфат кислотаси экспорт қилиниши белгиланган бўлиб, амалда қўшни Қозоғистон Республикасига 53 минг 462 тонна маҳсулот экспорт қилинган.

Режадаги 6 минг тонна мис купороси ўрнига амалда Польша, Украина, Беларусь, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Индонезия давлатларига 8 минг 351 тонна мис купороси экспорт қилинди.
Молибден металлининг асосий харидори бўлган Нидерландия давлатига 686 тонна ушу турдаги маҳсулот етказиб берилди.
Шунингдек, қўрғошин маҳсулотлари экспорти 113,4 фоиз, рений металининг экспорт режаси 220,8 фоиз, селен металининг экспорти 160 фоизга бажарилди. Ушбу нодир металлар бугунги кунда асосан Россия ва Хитойга экспорт қилинади.
2020 йил давомида 185 минг 544 тонна портланд цемент ва цемент Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон давлатларига етказиб берилди.
Комбинат томонидан 2020 йилда жами 821 миллион 364 минг доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди.
ЎзА